Тошкентда “Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига идоралараро муносабатнинг миллий тажрибаси: хулоса ва натижалар” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бугун «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирларига старт берилганини алоҳида қайд этди.

– Мақсад – мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, бу борада кенг жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари фикрини ўрганиш, давлат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида барчани бирлаштиришдан иборат. Эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди, ушбу иллатга қарши ишлайдиган аниқ тизим – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Қисқа муддатда амалга оширилган ишлар ва бугунги натижаларимиз – бу борада қилиниши зарур бўлган ҳақиқий фаолиятга дастлабки қадамдир.

Бу йўналишда ҳали муаммолар етарлича. Бунинг учун барчамиз масъул бўлишимиз даркор. Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин. Албатта, биз хотин-қизларга, болаларимизга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик ва камситишларнинг олдини олиш, чора кўриш бўйича ишларимизни изчиллик билан давом эттирамиз. Бу борада барча фаолларимизнинг ташаббус ва таклифларига таянамиз – деди Т.Норбоева.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА