Кутилмаганда саломатлигимизда бирор муаммо юзага келса, биринчи навбатда тез ёрдамга мурожаат қиламиз. Шошилинч тиббий ёрдам инсон ҳаётини, соғлиғини сақлашда алоҳида ўринга эга. Шу боис юртимизда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда юқори технологик тиббий ёрдамни туман даражасида кўрсатиш имконияти яратилди. Туманлардаги шошилинч бўлимлар ўрнига шошилинч қабул бўлимлари ташкил этилди. Хизмат кўрсатишдаги географик тўсиқлар бекор қилинди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг шошилинч ва тез тиббий ёрдам масаласи назарда тутилган 30-моддаси ижросини Навоий ва Хоразм вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, аҳолига ихтисослаштирилган шошилинч тиббий ёрдамни янада яқинлаштириш, қўшма шикастланишлар ва юрак-қон томир касалликларидан ўлим ва ногиронликни камайтириш мақсадида туман ва шаҳар марказий шифохоналари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари, туман(шаҳар) марказий шифохоналарида беморларни касалликнинг оғирлик даражаси бўйича саралайдиган туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, санитар авиацияси хизмати фаолият кўрсатмоқда. Натижада ҳар йили 900 минг нафардан ортиқ беморни шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида стационарда даволаш, 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулаторияда тиббий ёрдам беришни таъминлаш, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан йилига 13 миллионга яқин чақириқни бажариш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, республика бўйича давлат тиббиёт муассасаларида шошилинч тиббий ёрдамга ихтисослашган 10 минг 410 та ўрин фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги беш-олти йил давомида мамлакатимиздаги шошилинч тиббий ёрдамга ихтисослашган муассасалар инвестиция лойиҳалари доирасида 103 турдаги 8 минг 621 та тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Йиғилишда таъкидланишича, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Республика тез тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиалларида ягона «Call-марказ»лар фаолияти йўлга қўйилиб, тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилмоқда.

Депутатлар жойлардаги ўрганишлари давомида тез тиббий ёрдам тизимига янги автомашиналар етказиб берилаётганига гувоҳ бўлди. Масалан, сўнгги 3 йилда Навоий вилояти филиалига 2 та Газел, 39 та Volkswagen Caddy, 5 та Дамас, 1 та Ивеко (Мамография), 2 та Isuzu (Ўпка саломатлиги, қон қуйиш), Хоразм вилояти филиалига эса 43 та Volkswagen Caddy, 2 та Foton русумли махсус автотранспортлар етказиб берилган.

Муҳокамалар давомида депутатлар аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, соҳага оид идоравий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, тез тиббий ёрдамни тиббиёт бирлашмалари ва оилавий поликлиникалар билан интеграциялаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, тез ёрдам тизимига янги штатлар ажратиш лозимлигини таъкидлади. Соҳа ривожига оид яна бир қатор таклиф-тавсиялар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА