Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида ҳозирги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 182 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат, “Янги Ўзбекистон” университети, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ҳамда “Ренессанс” соғломлаштириш оромгоҳи фаолият юритмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўтган 2023 йилда Президент мактабларининг 13 таси (93 фоизи) SAT (академик баҳолаш тести) халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказлар сифатида тан олинди.

Президент мактаблари битирувчиларининг 50 фоизи (168 нафари) халқаро математика ва инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи (SAT)  сертификатларга эга бўлди. Президент мактаблари битирувчиларининг 84 фоизи (275 нафари) муддатидан олдин нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиш имкониятини қўлга киритди. Шунингдек, Президент мактаблари битирувчилари дунё рейтингида TOП–10 таликка кирувчи “California Institute of Technology”, “Garvard” ҳамда “Princeton” университетларининг 100 фоизлик грантини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ижод мактабларининг 223 нафар битирувчисидан 83 фоизи (187 нафари) муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олийгоҳларда ўқиш имкониятига эга бўлишган.

Қайд этилишича, келгусида 13 та ҳудудда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилади.

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда «Янги Ўзбекистон» университети билан интеграциялашган тарзда муҳандислик йўналишида ўқитиш йўлга қўйилади. Қолаверса, ихтисослаштирилган мактабларда 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб босқичма босқич STEM фанларини тўлиқ инглиз тилида ўқитиш ташкил этилади.

Умумтаълим мактабларининг 6-синф ўқувчилари ўртасида ижодий танлов ўтказилиб, танлов ғолиблари ижод мактабларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади. Ижодкор ўқувчилар ўртасида «Ижодий олимпиада» ўтказилади, уларнинг ижодий ишлари “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилади.

Ижод мактаблари олий таълим муассасалари ва Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналарига бириктирилади.

“Ёш академиклар” клуби, STEM фанлари бўйича фан кенгашлари, “Битирувчилар кенгаши” ташкил этилади ҳамда ҳар йили “Битирувчилар қурултойи” ўтказилади, “Турон йўлбарслари” ҳарбий спорт мусобақалари ҳамда умумий ўрта таълим ўқувчилари ўртасида “Ихтирочиликка қадам” танлови

йўлга қўйилади.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА