Сўнгги пайт турли минтақаларда ҳарбий низолар кучайиши йирик давлатларни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўймоқда. Ўзаро зиддият кучайиши дунёда қутбланиш жараёнини тезлаштирмоқда. Ҳарбий соҳага юқори технологиялар, дронлар, сунъий интеллект жорий этилиши билан мудофаа тизимига янгича қараш юзага чиқмоқда.

Бинобарин, сарфланаётган маблағ ҳам ортмоқда. Ривожланган иқтисодиётга, замонавий саноатга эга мамлакатлар ўртасидаги қуролланиш пойгаси, шубҳасиз, дунё аҳли хавотирига сабаб бўлаётир.

Яқинда “Nikkei” газетаси Япония мудофаа вазирлиги сунъий интеллект ва учувчисиз учар қурилма ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш йўналишида хусусий сектор билан ҳамкорлик кўламини кенгайтираётгани ҳақида ёзди. Ҳукумат 2023 йил хусусий компаниялар билан қўшма ташаббуслар сонини икки баробар ошириб, 30 лойиҳада иштирок этган. Бу 2022 йил  билан солиштирганда 16 та кўп. Қолаверса, аксар ишланмалар замонавий мудофаа технологиялари тадқиқотига тегишли.

Масалан, вазирлик “Hitachi” ва “Shimadzu” компаниялари билан сув ости дронида нишонни аниқлашнинг акустик ва оптик технологиясини уйғунлаштириш ҳисобига алоқа имкониятини кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Таъкидланишича, “Mitsubishi Heavy Industries”, “NEC” ва “Kawasaki Heavy Industries” компаниялари билан биргаликда кўп дронларни мустақил бошқариш технологияси ўрганиб чиқиляпти. Бундан ташқари, дронларни олдиндан аниқлайдиган техника ишлаб чиқариш учун кичик ва ўрта корхоналар ҳамда стартаплар билан ҳам ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

2023 йил хусусий компаниялар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун бюджетдан 18,8 миллиард иен (125 миллион доллар) ажратилди. Кўзланган мақсад икки ёқлама вазифани бажарадиган япон технологияси ишлаб чиқаришни кучайтириш. Бу мудофаа тизимининг тийиб туриш ва тайёргарлик имкониятини кенгайтиради. Мудофаа технологиясини бошқа мамлакатларга экспорт қилиш ҳам хавфсизликни, дипломатик алоқани мустаҳкамлаши мумкин.

Япония ҳукумати 2022 йил миллий хавфсизликнинг янгиланган стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжатда 2027 йилгача мудофаа харажатини, худди НАТО мамлакатларидек, 2 фоиз ошириш кўзда тутилган. 2024 молия йили учун қабул қилинган бюджет лойиҳасида мудофаа учун маблағ 55,6 миллиард долларга етади. Келажакда, хусусан, мамлакатда ишлаб чиқарилган узоқ масофага етиб борадиган ракеталар харид қилиш ҳамда Буюк Британия ва Италия билан бирга келгуси авлод қирувчи самолётларини яратиш режалаштирилган.

Умуман, бундай самолётлар бўйича кун чиқар юрт йирик мақсадларни кўзламоқда. Яқинда Либерал-демократик ҳукмрон партия (ЛДП) ва шу коалициясига кирувчи Комэйто партияси экспорт назоратини бироз бўшаштиришга келишиб олди. Демак, уч мамлакат ишлаб чиқарадиган энг янги қирувчи самолётларни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш ҳам мумкин бўлади.

Икки партия экспорт рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини қисқартиришга қарор қилган. Яъни, рўйхатга фақат Япония мудофаа технологиясини бериши мумкин бўлган Австралия, Буюк Британия, Вьетнам, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Малайзия, БАА, АҚШ, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Франция, Швеция сингари давлатлар киритилган. Инчунун, бу шериклар халқаро келишувлар иштирокчиси сифатида технологиялардан БМТ Низоми мақсад ва тамойиллари асосида фойдаланишни зиммаларига олган.

Яна бир шарт шуки, жанговар ҳаракат амалга оширилаётган мамлакатларга экспорт амалга оширилмайди.

ЛДП ва Комэйто ўртасида ушбу масалада келишувга эришилгани боис, март ойи охиригача қарор ҳукумат томонидан маъқулланиши кутиляпти. Сўнгра Миллий хавфсизлик кенгаши мажлисида мудофаа маҳсулотлари экспорти тамойили бўйича йўриқномага киритиладиган тузатиш тасдиқланиши мумкин. Ўзгариш фақат янги қирувчи самолётга тегишли. Бошқа ҳар қандай янги лойиҳа қўшимча келишув талаб қилади.

2022 йил декабрда Япония, Италия ва Буюк Британия янги авлод қирувчи самолёти яратишга келишиб олган. Янги машина 2035 йилгача тайёр бўлиши керак. Лондон, Токио ва Рим амалга ошираётган “Tempest” дастури доирасида GCAP (Global Combat Air Programme) бирлашмаси ташкил этилди. Лойиҳа АҚШ ва Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилаётган қирувчи самолётларга муқобил бўлиши керак. АҚШ ва НАТО ҳарбий техникаси билан тезкор уйғунликка эришиш ташаббус концепцияси асосини ташкил этади.

Лойиҳага уч мамлакатнинг бир неча компанияси жалб этилган. 2023 йил март ойида Япониянинг “Mitsubishi Electric” корпорацияси, Италиянинг “Leonardo” компанияси ва мазкур корхонанинг Британиядаги бўлими – “Leonardo”, шунингдек Бирлашган Қироллик ва Италиянинг “Elettronica” компаниялари олтинчи авлод қирувчи самолёти ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорлик битимини имзолаган.

Экспертлар фикрича, бундай учоқ ишлаб чиқарилса ва қурилма экспорти йўлга қўйилса, табиийки, кун чиқар мамлакат ҳам халқаро қурол-яроқ бозорида фаол иштирок эта бошлайди. Буни вақт кўрсатади.

С.Раҳимов, ЎзА