2023 йил якунларига асосан хизматлар соҳасидаги ўсиш 6,8 фоизни, соҳанинг ЯИМдаги улуши 43,4 фоизни ташкил этган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг таҳлилига кўра, «Электрон ҳукумат» тизими такомиллаштирилиб, умумий электрон давлат хизматлари сони 592 тага етказилган. Хизматлар соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2,5 баробар кўпайган.

Соҳага хусусий секторнинг фаол жалб қилиниши молиявий хизматларнинг 7,1 маротаба ошишига олиб келди. Хусусий ва хорижий банкларнинг соҳага жалб қилиниши уларнинг рақобатбардошлигини оширди.

Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасидаги хизматлар 3,9 маротабага, таълим соҳасидаги хизматлар 4,6 маротабага ошгани кузатилган.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 1 328 тага, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари сони 21 941 тага, нодавлат умумтаълим муассасалари сони 194 тага, нодавлат олий таълим муассасалари сони 194 тага, хорижий олий таълим муассасалари сони 28 тага етди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 5 маротаба ошиб, ҳозирги кунда 8200 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. 2017 йил охирида бундай муассасалар 4 мингта эди.

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида ушбу соҳа равнақи йўлида бир қатор мақсадлар белгилаб олинган. Унга кўра, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш, шаҳарсозлик лойиҳалари асосида зарур инфратузилмаси мавжуд ва аҳоли гавжум бўлган кўчаларнинг 233 мингта бўш ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш орқали савдо, маиший, сайилгоҳ ва кўнгилочар хизматларни ривожлантириш каби қатор вазифалар кўзда тутилган.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА