Божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, Хоразм вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш шўъбаси ходимлари томонидан вилоят ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Урганч шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Натижада Урганч туманида яшовчи фуқаро Я.Х тадбирга жалб қилинган “шартли харидор”га ўралган ўрами билан оғирлиги 8,01 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланди.

Шундан кейин, фуқаро Я.Х холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг ёнида жами 5 дона “Спички” ёзувли гугурт қутисида ўрами билан оғирлиги 32,76 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами ўрами билан оғирлиги 40,77 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситалари далилий ашё сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА