Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Тахтакўпир туманига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб тумандаги “Good Salt Production” масъулияти чекланган жамият корхонасида бўлди.

Мазкур корхона 2020 йилнинг май ойидан бошлаб ош тузини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. Бугунги кунда 25 нафар ходим меҳнат қилаётган жамоада йилига 10 минг тонна ош тузи ишлаб чиқарилиб, маҳаллий бозорларни таъминлаб келмоқда. 2022 йилнинг июль ойида Германиянинг “Monolith Mitte GmbH” компанияси билан 1 миллион евролик шартнома имзоланиб, бугунги кунгача 131 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Маҳсулот учун зарур хомашё туман ҳудудидаги туз конларидан келтирилади.

Келгусида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш мақсадида 16,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ҳисобидан замонавий асбоб-ускуналар олиб келиш, экспортни кўпайтириш ва қўшимча 10 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

“SHALAN-SAY” хусусий корхонаси 2017 йилдан буён “Қўнғироткўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 2,4 гектар майдондаги кўлда балиқчилик билан шуғулланиб келмоқда. “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мақсад Шалабаев 1,5 сотих ерда иссиқхона барпо этиб, турли маҳсулотлар етиштиради. Қиш ойларида редиска етиштирган бўлса, бугунги кунда помидор ва бодринг экиб, оила аъзолари билан парвариш қилмоқда. Шу билан бирга балиқчилик, чорвачилик ҳамда паррандачилик соҳалари билан ҳам шуғулланади.

Иштирокчилар тумандаги “SHUKHRAT STYLE” оилавий корхонасида ҳам бўлди. “Тахтакўпир” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган корхонада замонавий технологиялар ёрдамида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда яқин кунларда Хитой Халқ Республикасидан янги ускуналар келтирилиб, юмшоқ мебеллар ҳамда MDF эшиклар ишлаб чиқарилади ва қўшимча 10 та янги иш ўрни яратилади.

Пресс-тур якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани бўлими томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Туманда чорвачилик ҳамда деҳқончилик драйвер соҳа бўлиб, жорий йилнинг 1 март ҳолатига 211 та фермер хўжалиги, 567 та кичик, ўрта ва йирик корхона, 303 та хусусий тадбиркор фаолият олиб бормоқда.

Тумандаги 13 та тадбиркорлик субъектига 800 миллион сўмлик кредит ажратилиши учун Палата бизнес-режа тайёрлашда ёрдам кўрсатди. Тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ойига икки маротаба “Тадбиркорлар куни” тадбири ўтказилиб келинмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари