Туркманистондаги Анау шаҳрининг 2024 йил “Туркий дунё маданий пойтахти” деб эълон қилиниши ва Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Ашхобод шаҳрида “Туркман замини – қадимий цивилизациялар маркази” медиа-форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли анжуманда Буюк Британия, Венгрия, Молдова, Грузия, Ироқ, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Македония, Россия, Туркия каби давлатлар оммавий ахборот воситалари, етакчи ахборот агентликлари, телерадиокомпаниялар, кино ассоциациялари, интернет нашрлари, газета ва журналлар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Туркий тиллар маданияти халқаро ташкилоти – ТУРКСОЙ, Европа радиоэшиттиришлар иттифоқи (EBU), Ислом ҳамкорлик ташкилоти Радио ва телевидение иттифоқи, ИҲТ ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) масъуллари, Канада ва Туркия университети профессорлари ҳам қатнашди.

Конференцияни Туркманистон Бош вазирининг маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари Меҳрижемал Маммедова кириш сўзи билан очиб, мазкур форум рамзий маънога эгалиги, чунки улуғ туркман шоирининг шеърлари дўстлик, биродарлик ва тинчликка даъват этишини урғулади. Шунингдек, у Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг яқинда нашр этилган “Анау – минг йилликлар қаъридан маданият” китоби хусусида ва БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси 63-ялпи мажлисида Туркманистон ташаббуси билан “2025 йил – Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганини фахр билан эътироф этди.

Туркий тиллар маданияти халқаро ташкилоти Бош котиби Султон Раев айтишича, туркий халқлар азалдан мустақил давлатчилик ва адолатли дунёга интилиб келган ва бу қадриятлар уларнинг маданий меросида ифодасини топган. У туркий халқлар маданий меросини асраб-авайлаш ТУРКСОЙ ташкилотининг вазифаси эканини таъкидлади.

– Турк дунёси жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисмидир. Алишер Навоий, Маҳтумқули Фироғий, Юнус Эмро фалсафаси доимо барҳаёт, – деди ТУРКСОЙ Бош котиби. – Маҳтумқули шеъриятида аждодлар ҳамжиҳатлик ва бирликка даъват қилинган, шоир ўқувчига бутун туркий дунёнинг бор инсонпарварлик ғояларини етказа олган.

Форум давомида меҳмонларга Туркманистоннинг тарихи ва бетакрор мероси ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди. “Туркий маданият бирлигининг оммавий ахборот воситаларидаги ўрни”, “Махтумқули Фироғий – ақл ўчоғи”, “Рақамли медиа ва янгиликлар”, “Фильм, анимация ва кинофестиваллар” мавзуларидаги сессиялар қизғин муҳакамага бой кечди.

Туркманистон ҳақли равишда қадимий археологик маданиятлар маркази, жумладан Анау, Жейтун, Марғиёна сингари қадимий ҳудудлар санъати, ҳунармандлиги ва меъморчилиги юксак намуналарини тақдим этган макон саналади. Бу тарихий масканларда нафақат туркийзабон мамлакатлар, балки дунё давлатларига ҳам таъсир кўрсатган илғор цивилизациялар вужудга келган. Улар маданиятлар юксалишига ҳисса қўшган, умуминсоний маънавий қадриятлар шаклланишига улкан таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2023 йил 21 ноябрь куни Париж шаҳридаги қароргоҳида бўлиб ўтган 42-сессиясида буюк туркман шоири Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Форумда сўзга чиққанлар Туркманистоннинг мамлакат маданиятини жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги ҳаракатини юқори баҳоладилар. Монреалдаги Канада Олий бизнес мактаби Халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик факультети профессори Жавод Моттагий фикрича, Анау шаҳри туркий дунёнинг маданий пойтахти сифаида эълон қилиниши Туркманистон маданий дипломатиясининг ҳақиқий ютуғидир.

Россиянинг “ТАСС” ахборот агентлиги Бош директори биринчи ўринбосари Михаил Гусман Гурбангули Бердимуҳамедов билан бўлган суҳбатни тез-тез эслаб туриши, мамлакатни ривожлантириш бўйича қандай муҳим стратегик вазифалар қўйилгани, айни пайт Президент Сердар Бердимуҳамедов бу стратегияни ишончли тарзда, масъулият билан амалга ошираётганини мамнуният билан эътироф этди.

Делегатлар фикрича, бугунги глобаллашув даврида ОАВ жаҳон сиёсий жараёнининг муҳим атрибутига, халқаро миқёсда мамлакатлар, халқлар тараққиётига фаол таъсир кўрсатувчи этник маданий ҳамкорликнинг ажралмас субъектига айланиб бормоқда. Бу борада медиа тузилмаларининг яқин ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, журналистларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро медиафорум якунида иштирокчилар ушбу меҳмондўст мамлакат – Туркманистонда бўлиш улар учун қувончли экани, бундай маданий тадбирлар эса мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўткир АЛИМОВ, ЎзА