Исроил фаластинликларга нисбатан геноцид уюштиряпти, дейишга етарли асос бор, дея баёнот берди Женевада уюштирилган брифингда БМТ Фаластинда инсон ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе.
***
Швециянинг НАТОдаги элчиси Аксель Вернхофф “Politico” нашрига интервью бера туриб, Европа ўнлаб йиллар давомида Россия таҳдиди остида яшашга мажбур бўлади, деди.
Вернхофф эслатишича, Альянс стратегия концепциясида РФ ҳарбий таҳдид туғдираётган давлат сифатида тавсифланган.
***
Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев таъкидлашича, республика нефть экспортини диверсификация қилиш учун турли муқобил йўлларни кўриб чиқмоқда. Бу борада озарбайжонлик ҳамкорлар билан битим тузилиб, “Боку – Супса” ва “Боку – Тбилиси – Жайхан” нефть қувуридан фойдаланишни йўлга қўйиш устида ҳам иш олиб бориляпти, деди вазир.
***
“Bloomberg” ёзишича, АҚШ Россия – Украина зиддияти шароитида замбарак снаряди ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун Туркиядан тротил харидини оширмоқда. Вашингтон ҳарбий ёрдам беришни давом эттираётган бир шароитда, Украина ўқ-дорига кучли эҳтиёж сезмоқда. Туркия 2024 йил АҚШга замбарак снаряди ҳам етказиб берадиган йирик экспортёрга айланади.
***
“The Telegraph” фикрича, АҚШ юз ўгиргач, Исроил ХАМАСни йўқ қила олмаслигини тан олган.
– Исроил беш ойдан буён Ғазо секторида узлуксиз жанг олиб бораётганига қарамай, ХАМАСни йўқ қилолмаслиги мумкин, – деб ёзди газета Исроил резведкаси вакилига таяниб.
***
АҚШнинг энг қиммат қуроллари ҳам хусийларнинг савдо кемаларига ҳужумини бартараф қилолмади, дейилади “Bloomberg” ахборотида. Зеро, дунёнинг йирик юк ташиш компаниялари ҳамон ушбу савдо йўлаги орқали қатнашга журъат этмаяпти. Ҳолбуки, дунё бозорига ташилаётган товарларнинг 15 фоизи шу минтақага тўғри келарди.
Ҳозир Қизил денгиз жанубий қисмидан ўтаётган кемалар 70 фоиз камайган.
***
Россиялик чегарачиларнинг Ереван аэропортидан олиб чиқилиши масаласи тўлиқ ҳал қилинган, улар 1 августгача объектни тарк этиши керак, деб баёнот берди Арманистон парламенти спикери Ален Симонян. Унинг айтишича, Ереван ва Москва ушбу масалани бошқа муҳокама қилмайди.
***
“Reuters”: РФ Хитой, Туркия ва БААдан нефть пулини ололмаяпти.
– Санкция туфайли Россиянинг кўпгина компаниялари бир неча ойдан буён сотилган қора олтин учун пул ололмаяпти, чунки Хитой, Туркия ва БААдаги банклар АҚШ иккиламчи санкцияидан хавотир олиб, янада эҳтиёткор бўлиб қолган, – дейилади хабарда.
***
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус баёнот беришича, Исроил армияси ҳужуми Ғазога очарчилик хавфини солмоқда.
– Давом этаётган фожиани тўхтатиш учун зудлик билан ўт очишга барҳам бериш ва гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш керак, – дейди у.
Айни пайт Ғазода 2 миллион киши озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошпана етишмаслигидан қаттиқ азият чекмоқда.
***
Террорчилар учун ҳам, террор ташкилоти паноҳида сиёсат юритаётганлар учун ҳам Туркия эшиклари ёпиқ, деди мамлакат Президенти Режеп Таййип Эрдоған.
– Туркия 40 йилдан буён террор хуружига қарши курашиб келади, яна 40 йил чидашимиз мумкин эмас, – деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
***
Агар Исроил Ғазо секторида босқинчиликни тўхтатмаса, гаровдагилар озод қилинмайди, дея баёнот берди ХАМАС раҳбарларидан бири Холид Машъал.
– Музокарада биз ўт очишни тўхтатиш ва қўшинни Ғазодан олиб кетиш, уйини тарк этган аҳолини ўз манзилига, айниқса сектор шимолига қайтаришни талаб қиляпмиз, – деди у.
С.Раҳимов,
ЎзА