КАРАТЭ: ҳозирча кумуш медаль, мақсад эса Осиё ўйинларига қаратилган

Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида каратэ бўйича “Premier League” сериясига кирувчи нуфузли мусобақа бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 35 давлатидан олти юздан зиёд спортчи иштирок этди.
Таркибида олти нафар спортчиси билан қатнашган ўзбекистонликлар делегацияси ҳам халқаро турнирдан қуруқ қайтмади. -50 кг. вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бобоева финалгача етиб борди ва кумуш медаль билан тақдирланди.
Аслида турнирдан кўзланган мақсад натижа эмас, балки янги раҳбарият билан иш бошлаган Каратэ миллий федерацияси қисқа фурсат ичида ўз фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, иқтидорли спортчилар тайёрлаш тизимини яратиш, терма жамоа таркибида рақобатни кучайтириш, Осиё ва Олимпия каби нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчиларни тарбиялаш вазифасини бажаришга киришганида эди.
Федерация зиммасига улкан вазифалар юклатилганлиги рост – спортчиларимиз яна икки йилдан кейин Токиода ўтадиган ёзги олимпиадада муваффақият қозониши, юртдошларимиз қўлга киритадиган медаллар сонини ортишида ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Каратэ спорт тури бунга қадар Олимпиада ўйинлари таснифига киритилмаганди. У Токио – 2020 Олимпиадасидан бошлаб катта саҳнага чиқади. Сабаби, каратэнинг ватани айнан Япония ҳисобланади.
Олимпиадада каратэ мусобақалари олтита вазн тоифасида ўтказилади. Шуларнинг учтаси эркакларга ва яна учтаси аёлларга тегишли. Ката учун эса алоҳида иккита вазн ажратилган, демак, жами 8 та вазнда медаллар ўйналади.
Токио – 2020 Олимпиадасига йўлланма берувчи лицензион турнирлар шу йилнинг апрель ва май ойларидан старт олган, икки йил давомида энг яхшилар сараланади.
Туркияга сафар Ўзбекистон делегацияси учун ҳар томонлама самарали бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарияти Эрон, Озарбайжон ва Туркия каби мамлакатлар каратэ федерацияси раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорлик қилиш бўйича қатор келишувга эришдилар.
Эслатиб ўтамиз, “Premier League” сериясидаги дастлабки босқич шу йилнинг апрель ойида Марокашнинг Рабат шаҳрида бўлиб ўтган ва унда Садриддин Сайматов олтин, Достонбек Отаболаев эса кумуш медаль билан тақдирланган эди.
Ойбек Юнусов

 

ЎзА