Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – КХШТ Парламентлар Ассамблеясининг “Крокус сити холл”даги террор ҳаракатни қоралаб қабул қилган баёнотига қўшилмаслигини билдирди. Арманистон Парламенти спикери матбуот котиби Нелли Гулян таъкидлашича, бунга Ереваннинг ташкилотга аъзолиги “музлатилгани” сабаб.

Ўтган сешанба куни КХШТ ПА Москва вилояти Красногорск шаҳрида уюштирилган шафқатсиз хуружни қоралаб чиқди.

– Бизга қўшилиш тавсия этилди, – деди Гулян “Спутник Арманистон” агентлигига берган интервьюсида. – Бу таклиф рад этилди, чунки мамлакатнинг ташкилотга аъзолиги музлатилган.

Бош вазир Никол Пашинян 2024 йил февралда Ереван КХШТга аъзоликни музлатди, дея баёнот берган. Март ойида ҳукумат раҳбари, агар ташкилот Ереван томонидан кўтарилган мамлакатнинг суверен ҳудуди билан боғлиқ масалага жавоб бермаса, Арманистон КХШТдан чиқишини маълум қилди.