Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Ҳозирги пайтда 70 дан ортиқ давлат Гаага битимининг Женева акти иштирокчиси ҳисобланади, – деди депутат Ўктам Исломов. – Гаага тизими бўйича саноат намунаси муҳофазаси у рўйхатга олинган мамлакат қонунчилигига мос равишда, лекин халқаро рўйхатга олинган санадан эътиборан 5 йилдан кам бўлмаган муддат учун белгиланади. Гаага битими ўз маҳсулотини, энг аввало, хорижий бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг ҳозиргача мавжуд бўлган миллий тизимларига нисбатан янада қулайроқ тартиб-таомилларини тақдим этади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келади. Халқаро имижимиз юксалишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Гаага битими Женева актига қўшилиши тадбиркорлик субъектларимизнинг саноат намуналарини рўйхатдан ўтказиш учун битта талабнома билан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Женева халқаро бюросига топшириш орқали унга аъзо бўлган 73 та давлатнинг хоҳлаганига ҳуқуқни олиш ва сақлаб туриш имкониятини яратади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА