Ўтган йил Эверестда 18 нафар альпинист ҳалок бўлгандан сўнг, ушбу чўққига кўтарилишни хоҳлаганлар учун GP-трекери кийиш мажбурий талаб этиб белгиланди.
“Daily Mail” ёзишича, кийимга тикиладиган мазкур қурилмадан чиқадиган сигнални, ҳатто, 20 метр қор остидан ҳам ушлаш мумкин. Бу фавқулодда вазиятда альпинистларни топиш имконини сезиларли даражада оширади.
Мураккаб трекерлар профессионал чўққини забт этувчилар ва баъзи экспедиция компаниялари томонидан кўп йил давомида қўлланган. Янги қурилма эса анча содда бўлиб, кичик флеш-дискга ўхшайди, қувватлашни талаб қилмайди ва кийимга осон бириктирилади. Кузатув компаниялари томонидан 10-15 долларга берилади.
Сўнгги йилларда Эверестга чиқиш истагидаги сайёҳлар кўпаймоқда. Ўтган йил Непалдаги Сагарматҳа миллий боғига кирган 60 мингга яқин кишидан 600 нафари машҳур чўққини кўзлаган.
Aльпинизм саноати жадал ривожланиши компаниялар ўртасида рақобатни кучайтирмоқда. Бу ҳолат хавфсизлик қоидаси бузилиши эҳтимолини оширади. Бундан ташқари очиқ ҳавода Эверестга тез кўтарилиш имконияти мураккаб ҳудудларда навбат шаклланишига олиб келади.
Баландликда қутқарув ишини ташкил этиш жуда қийин. GPS-трекер эса жароҳатланган альпинистларни қидиришни осонлаштиради, қутқарувчилар хатарли вазиятга тушишининг олдини олади.