Маълумки, Халқаро имтиҳон тизимлари давлат хизмати Ёшлар ишлари агентлигининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда АТ “Халқ банки”нинг тегишли электрон платформаси билан ўзаро интеграция қилинган reestr.yoshlarportali.uz электрон реестри орқали амалга оширилмоқда.

Ушбу тизимдаги янгиликлар ва имтиҳон топшириш харажатларини тўлаш тизими хусусида Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бош мутахассиси Элмурод Жабборов қуйидагиларни гапириб берди.

–Давлат хизматини кўрсатиш томонидан ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш муддати 30 кундан 15 кунгача қисқартирилиб, “Хазна” мобиль иловаси орқали маблағларни узлуксиз вақт режимида шахсий банк пластик картасига олиш имкони яратилди.

Ўтган йил ҳисобида айтадиган бўлсак, жами 21 минг 103 та ариза келиб тушган. Шундан 6 минг 38 та ариза маъмурий регламентга мувофиқ бўлмагани сабабли рад этилди. 771 та ариза муаллиф томонидан бекор қилинган, 1 минг 391 та ариза верификация, яъни, сертификатнинг ҳақиқийлигини текшириш жараёнида. 12 минг 902 та аризага ижобий хулоса (тасдиқнома) берилган бўлиб, шундан 12 минг 359 нафар ёшга 21,7 миллиард сўм миқдоридаги имтиҳон топшириш харажатлари Агентлик маблағлари ҳисобидан АТ “Халқ банки”нинг жойлардаги филиаллари орқали нақд пул шаклида ва “Хазна” мобиль иловаси орқали банк пластик картасига ўтказиш йўли билан қоплаб берилди.

Имтиҳон харажатлари Тошкент шаҳридан 4114 нафар, Бухородан 1163 нафар, Фарғонадан 970 нафар, Намангандан 875 нафар, Самарқанддан 826 нафар, Хоразмдан 752 нафар, Тошкентдан 679 нафар, Андижондан 610 нафар, Қашқадарёдан 545 нафар, Навоийдан 513 нафар, Қорақалпоғистон Республикасидан 471 нафар, Сурхондарёдан 362 нафар, Жиззахдан 335 нафар, Сирдарёдан 144 нафар ёшга тўлаб берилди.

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб беришга аризалар юбориш қуйидаги йўналишда амалга оширилади.

Жумладан, ариза берувчи ЯИДХПда рўйхатдан ёки авторизациядан ўтади ва сўров юборади. Ёшлар ишлари агентлиги 15 календарь кун давомида махсус сертификатни верификациядан ўтказади. Махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаса, махсус сертификатнинг хақиқийлигини тасдиқлашни сўраб ваколатли хорижий ташкилотга сўров юборади.

Шунингдек, махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда 15 кун мобайнида махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг реестри шакллантирилади. Реестрга мувофиқ компенсация маблағлари Халқ банкининг ҳисоб-варағига молиялаштирилади ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади.

Хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС юборилгандан сўнг Халқ банки филиали ариза берувчининг компенсация пулини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда белгиланган компенсация тўловини амалга оширади.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА