Дунёдаги энг катта кўллардан бири бўлган Орол денгизи кўп йиллар давомида антропоген таъсирлардан азият чекиб келмоқда. Натижада сув юзаси 90 фоизга қисқарди ва бу фожеа экотизимга салбий таъсир кўрсатди.

Оролнинг қақраган майдонларига саксовул уруғини экиш ишлари асосан қиш мавсумида бошланади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, саксовул Орол учун “яшил қалқон” бўлиб, саксовул уруғи экишда декабрь-февраль ойлари жуда қулай ҳисобланади. Чунки қор остида қолган саксовул уруғининг униб чиқиш самарадорлиги анча юқори. Бу жараён март ойидан кечикмаслиги керак. Чунки кунлар исиши ва ёғингарчилик тўхташи билан уруққа нам етмай қолиши ва оқибатда кўчатлар кўкармай нобуд бўлиши мумкин.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан “Iveco Group” компанияси билан ҳамкорликда Оролнинг 10 гектар ҳудудида 10 мингга яқин саксовул кўчатлари экилди. Шунингдек, мазкур ҳудудда институт олимлари томонидан экотизимни тиклашга қаратилган илмий изланишлар ҳам олиб борилмоқда. Бунда чўл ҳудудида яйловларни барпо этиш, яшил қопламалар билан қоплаш, Орол тубидан кўтариладиган чанг-тўзонларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, иқлим ўзгариши даврида ерлар деградациясини камайтиришга илмий томонлама ёндашиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, 2018–2023 йиллар давомида Орол денгизи тубида 1 миллион 730 минг гектар ўрмонзор барпо этилган,  17 минг км квадрат майдон кўкаламзорлаштирилган. Жорий йилда эса жами 150-200 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунгача ўрмон хўжаликлари томонидан 192,63 тонна чўл ўсимликлари уруғлари, жумладан, 71,96 тонна саксовул, 120,67 тонна қорабароқ чўл ўсимликлари терилиб, экишга тайёрланган. Ҳудудда қандим, черкес каби чўлга чидамли ўсимликларнинг уруғ ҳамда кўчатлари экилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2023 йилнинг  декабридан бошланган Оролнинг қуриган майдонига саксовул экиш ишлари натижасида бугунги кунда 103 минг гектардан ортиқ майдон қамраб олинган. Саксовул уруғини топишда эса муаммо йўқ. Мўйноқ чўлларида ўсиб турган саксовул уруғларини териш-йиғиш ишлари ҳам пухта режа ва аниқ тизим асосида йўлга қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари Ўрмон хўжаликлари, Ободонлаштириш бошқармаларининг ходимлари, маҳаллий аҳоли иштирокида саксовул уруғини йиғиш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида ташкил қилинган штаб маълумотларига кўра, тадбирларга жами мингдан ортиқ ишчи, 549 техника, 2 самолёт жалб қилинган.

Бошқа вилоятлардан 550 га яқин ҳашарчи иштирок этмоқда. Бугунги кунга келиб саксовул экиш учун жами 326 минг 60 гектардан ортиқ ер майдони тайёрланди. Шундан 103 минг 235 гектарига 412 минг 275 килограмм саксовул уруғи экилган. Самолётлар ёрдамида 51 минг 800 гектар ерга 156 минг 600 килограмм саксовул уруғи сепилди. Экиш учун яна 622 минг 500 килограмм саксовул уруғи жамғарилган.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА