Юртимизда байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Лекин инсон қадри ва шаънини улуғлашда Наврўз айёми алоҳида ўрин тутади. Неча асрлик тарихий йўлни босиб ўтиб, бизгача етиб келган миллий байрамимиз – Наврўз шарқона янги йилнинг бошланиши, яшариш, янгиланиш фасли тароватини олиб келгани, ҳаётбахш урф-одатларимиз, қадриятларимиз ва анъаналаримизнинг ёрқин ифодаси бўлганлиги билан ҳам жуда азиз ва қадрли.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида жойларда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари, турли хил тадбирлар кўтаринки кайфиятда ташкил этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида Наврўз шодиёналари кўтаринки руҳда ўтказилди. Маҳалла хотин-қизлари дошқозонда яхши ниятлар билан миллий таомимиз сумалакни қайнатган бўлса, бир томонда йигитлар миллий ўйинларимиз бўлган арқон тортиш, кураш ва турникка тортилиш бўйича ўзаро беллашди.

–Наврўз кунларида неча минг йиллик анъана ва қадриятларимизни янгидан кашф этамиз, – дейди маҳалла фаоли Клара Худайбергенова. – Шу орқали қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз, бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

Байрамни ташкил этишда фаоллик кўрсатган хонадон эгаларига Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири