Халқаро кураш ассоциациясининг 2024 йилги тақвим режасидан бир қатор нуфузли мусобақалар ўрин олган бўлиб, улар орасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Осиё болалари” ўйинлари муҳим ўрин тутади.

Ота-боболаримиздан мерос курашни халқаро майдонда оммалаштириш, унинг нуфузини янада ошириш мақсадида қабул қилинган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори доирасида ўтган йиллар давомида тизимли ишлар амалга оширилди.

Курашнинг “кичик олимпиада” мақомидаги ушбу ўйинлар дастуридан жой олгани ҳам миллий спортимизнинг халқаро майдонда кенг оммалашиши йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Куни кеча Халқаро кураш ассоциацияси жорий йилнинг 25 июнь – 7 июль кунлари Россиянинг Якутск шаҳрида ўтадиган “8-Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари дастуридаги кураш мусобақалари иштирокчиларини рўйхатга олиш ишлари бошланганини эълон қилди.

Айтиш лозим, бу галги “Осиё болалари” ўйинлари 24 та спорт тури бўйича ташкил этилиб, унда 224 та медаллар жамланмаси учун баҳслар бўлиб ўтади.

Мазкур ўйинлар дастуридан ўрин олган кураш мусобақалари 9 та вазн тоифасида ўтказилади. 14-15 ёш тоифасидаги ўғил болалар 42, 50, 60, 71 ва 83 килограммда, қиз болалар 36, 44, 57 ҳамда +63 кило оғирликдаги беллашувларда медаллар учун галамга чиқади.

“Осиё болалари” ўйинларидаги кураш баҳслари 3-5 июль кунлари Якутскдаги “Эллей Боотур” спорт саройида кечади. Кураш мусобақаларида иштирок этадиган давлатларнинг спортчиларини рўйхатга олиш ишлари шу йил 1 июнга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7-10 февраль кунлари Андижонда ўсмирлар ўртасида ўтган Ўзбекистон чемпионатида “Осиё болалари” спорт ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоага номзод спортчилар саралаб олинган эди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА