Пойтахтимизда “Интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштиришда технопаркларнинг лицензиялаш салоҳиятини ошириш” мавзусида минтақавий семинар-тренинг ўтказилди.

Мамлакатимиз Адлия вазирлиги томонидан Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Евросиё патент ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда етакчи хорижий экспертлар ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан 30 дан ортиқ технопарк раҳбарлари иштирок этди.

Интеллектуал мулкни тижоратлаштириш умумий маънода жаҳон иқтисодиёти, жумладан тадбиркорлик субъектлари, илмий ишлаб чиқариш объектлари ва технопарклар ривожини таъминлашга хизмат қилади. Интеллектуал мулк объектларини лицензиялаш технопарклар, инновация ва технологияни ривожлантиришга қаратилган эркин иқтисодий ҳамда саноат зоналарида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Айни йўналишга мамлакатимизда ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Анжуманда номоддий активлар жаҳон иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди. Республикамизда интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

– Жаҳон тажрибасида интеллектуал мулкнинг асосий мақсади иқтисодий тараққиётга хизмат қилиш, – деди Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти бошлиғи Есемурат Каниязов. – Ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизи айни соҳага тўғри келади. Ҳозир дунё миқёсида интеллектуал мулк, яъни номоддий мулк қиймати моддий мулк миқдоридан ошиб, 70 миллиард долларга етди. Интеллектуал мулк ривожланмаса, инновация ривожланмайди. Шу боис кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳа тарихида илк бор махсус стратегия қабул қилинди. Мамлакатимиз Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотига бир неча йил олдин аъзо бўлган. Шу тузилма тавсияси ва халқаро мезон асосида иш олиб бориш йўлга қўйилган. Бугунги семинар интеллектуал мулкни тижоратлаштириш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, таҳлил қилиш имконини беради.

Мавзуга оид халқаро экспертлар маърузаларида интеллектуал мулк объектини фойдаланиш учун бериш тўғрисидаги лицензиялаш шартномасининг ҳуқуқий табиати, битим тузиш жараёнида олиб бориладиган музокаранинг асосий тамойили, шартномани расмийлаштириш тартиби, объектни баҳолаш масалалари таҳлил қилинди.

Бундай тадбир Тошкентда ўтиши жуда муҳим, – деди Евросиё патент ташкилоти президенти Григорий Ивлиев. – Зеро, Ўзбекистон айни соҳа жадал ва муваффақиятли ривожланмоқда. Мамлакатда интеллектуал мулкни умумий бошқариш бўйича дадил қадамлар ташланяпти. Семинарда самарали жаҳон тажрибаси таклиф этилиб, технопарклар, малакали хорижий мутахассислар ўртасида алоқа йўлга қўйилади. Мулоқот давомида барча минтақаларда бемалол ишлай оладиган умумий ахборот технологиялари макони яратишга келишдик. Умуман, мана шундай нуфузли анжуманлар тадбиркорлар учун жаҳон бозорига янада кенгроқ чиқиш имконини беради.

Гўзал Сатторова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА