Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 ноябрдаги “Каратэ (WКF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу спорт тури бўйича тренер ва мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув-семинар ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган.
Куни кеча Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон каратэ (WКF) ассоциацияси ҳамкорлигида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилган семинар-тренингда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 дан ортиқ каратэ (WКF) мутахассислари иштирок этди.
Каратэ бўйича тренер ва мутахассислар иштирок этган семинар-тренинг давомида тажрибали экспертлар маҳоратли спортчиларни тайёрлашда мураббийларнинг билими, маънавий савияси, ўқитувчилик қобилияти муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Семинар давомида мураббий ва мутахассисларга каратэ спортининг халқаро ташкилотлари, ўтказиладиган энг асосий мусобақалар тақвими, ёш спортчиларни машғулотларга жалб этиш, маҳоратли каратэчиларни тайёрлашдаги техник-тактик йўналишлар хусусида тушунчалар берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА