Жорий йилнинг 8-11 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2-тур учрашувлари ўтказилди.
Иккинчи турнинг дастлабки куни “Металлург” – “Сўғдиёна” ва “Пахтакор” – “Насаф” жамоалари ўзаро рақобатлашди ва иккала ўйин ҳам 0:0 ҳисобида якунланди. Шунингдек, “Олимпик” ўз майдонида “Локомотив”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган бўлса, “Навбаҳор” мухлислари кўз ўнгида “ОКМК” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Турнинг учинчи кунида “Нефтчи” сафарда “Динамо” устидан 0:1 ҳисобида зафар қучди.
Ушбу турнинг энг голларга бой ўтган ва кутилмаган натижа қайд этилган ўйини “Андижон” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги ўтди. Унда мезбонлар йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва “Андижон” клуби “Бунёдкор”ни ўз тарихида илк маротаба таслим қилди. “Қизилқум” – “Сурхон” баҳси Суперлиганинг 2-турига якун ясаб берди. Унда Жамшид Саидов бошчилигидаги навоийликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди.
Шу тариқа, иккинчи тур якунига кўра, “Қизилқум” ва “Нефтчи” клублари 6 очко жамғарган ҳолда жадвалнинг биринчи ҳамда иккинчи поғоналаридан ўрин эгаллади. Улар ортидан “Андижон”, “Пахтакор”, “Насаф”, “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоалари 4 очко жамғарган ҳолда бормоқда. Шунингдек, Суперлигада “Металлург” ва “ОКМК” икки очкодан, “Сўғдиёна” эса 1 очко тўплаган ҳолда 8-9-10 ўринлардан жой олди. Жадвалнинг қуйи ўринларида эса бирорта ҳам очко жамғара олмаган “Динамо”, “Бунёдкор”, “Олимпик” ва “Сурхон” қайд этилди.
Суперлиганинг 3-тур учрашувлари 14 март куни бошланади. Қуйида учрашувлар рўйхати билан танишасиз:
Суперлига 3-тур:
14.03.2024, 18:45: “Локомотив” – “Пахтакор”;
15.03.2024, 18:30: “Нефтчи” – “Металлург”, 19:00: “Сўғдиёна” – “Олимпик”;
16.03.2024, 17:00: “Сурхон” – “Андижон”, 19:00: “Насаф” – “Қизилқум”
17.03.2024, 18:45: “ОКМК” – “Динамо”, 18:45. “Бунёдкор” – “Навбаҳор”.
***
Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалидан ўрин олган “Ан-Наср” – “Ал-Айн” клублари ўртасидаги жавоб учрашувида 4:3 ҳисоби қайд этилди. Биринчи ўйинда “Ал-Айн” 1:0 ҳисобидаги ғалабаси сабаб икки учрашув натижасига кўра ҳисоб 4:4 кўринишини олди. Ғолиб жамоани аниқлаш учун пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Унда 1:3 ҳисобида “Ал-Айн” ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.
Бугун, Осиё чемпионлар лигасининг чорак финал босқичи жавоб ўйинида “Ал-Иттиҳод” ўз майдонида “Ал-Ҳилол”ни қабул қилади ва илк учрашувда қайд этилган 0:2 ҳисобидаги мағлубият аламини олишга уринади. Шунингдек, “Ульсан” — “Чонбук Моторс” ўртасида ҳам жавоб ўйини бўлиб ўтади. Ушбу жамоалар биринчи ўйинда 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан эди.
Жавоб учрашувларининг сўнгги баҳси эртага, 13 март куни “Йокогама Маринос” — “Шандун Тайшан” (2:1) клублари ўртасида ўтади.
***
Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган “Арсенал” — “Порту”, “Барселона” — “Наполи” клублари ўртасидаги жавоб ўйинлари бугун тунда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни ушбу жамоалар нимчорак финал доирасида илк учрашувларини ўтказган. Унда “Порту” ўз майдонида “Арсенал”ни 1:0 ҳисобида енган бўлса, “Барселона” сафарда “Наполи” билан дуранг қайд этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА