“Prague International Chess Festival“ турнирининг ортда қолган 7-туридан кейин Нодирбек Абдусатторов 5 очкога эга бўлган ҳолда халқаро турнирнинг “Мастерс” гуруҳида етакчилик қилмоқда.
Бугун, 6 март куни ўтказиладиган 8-турда Нодирбек оқ доналарда мусобақа ғолиблигига асосий даъвогарлардан бири бўлган эронлик Парҳам Магсудлу билан рўбарў келади.
Якунланишига 2-тур қолганда ўтадиган ушбу баҳс қайсидир маънода Прага мусобақаларининг марказий ўйинларидан бири ҳисобланади. Айнан ушбу ўйин “Prague International Chess Festival-2024″ ғолиблигига ким кўпроқ муносиб эканлигини ҳам амалда исботлайди.
8-турнинг қолган жуфтликларида Давид Навара-Таи Даи Ван Нгуен, Видит Сантош Гужрати – Ричард Раппорт, Доммаражу Гукеш – Винсент Кеймер, Матеуж Бартел – Рамешбабу Праггнанандҳаа куч синашади.
Кеча ўтказилган 7-тур ўйинида Абдусатторов германиялик Винсент Кеймер билан гарчи қора доналарда ўйнаган бўлсада, рақибини мағлубиятга учратди. Ушбу турнинг 42-юриш ҳолатида немис шахматчиси имкониятни бой берганлигини тан олди. 7-турнинг қолган учрашувларида Матеуж Бартел (Польша) – Давид Навара (Чехия) – 0,5:0,5, Рамешбабу Праггнанандҳаа (Ҳиндистон) – Гукеш (Ҳиндистон) – 0,5:0,5, Парҳам Магсудлу (Эрон) – Видит Сантош Гужрати (Ҳиндистон) – 1:0, Ричард Раппорт (Руминия) – Таи Даи Ван Нгуен (Чехия) – 0:1 ҳисоблари қайд этилди.
8-тур остонасида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовдан кейинги ўринларда бораётган Парҳам Магсудлу 4,5, Таи Даи Ван Нгуен ва Рамешбабу Праггнанандҳаа 4, Давид Навара ва Ричард Раппорт 3,5 очкога эга бўлиб турибди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА