Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари департаменти билан ҳамкорликда ўтган 2023 йилги мавсумда клублар билан илк профессионал шартномасини тузган 296 нафар футболчилар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар натижасида 3 нафар футболчининг ҳужжатларида туғилган йили юзасидан тафовут борлиги аниқланди. Уларни рўйхатдан ўтказган Суперлиганинг икки клуби ҳамда футболчилар бу ҳақда огоҳлантирилди. Лига футболчиларга муддат тақдим этиб, барча масала қонун доирасида ҳал этилиши лозимлиги тушунтирилди, дейилади ПФЛ хабарида.

Қонунбузилишини қайд этган 2 нафар футболчи ўз айбига иқрор бўлиб, масалани қонун доирасида ҳал этди. “Бунёдкор” клубининг U19 жамоаси сафида рўйхатдан ўтган футболчи эса Лига томонидан берилган муддат ичида ишни ҳал қилмади. Айни вақтда футболчи “Бунёдкор” билан бирга эмас. Шунга қарамай, унинг бошқа клуб сафида эҳтимолий рўйхатдан ўтиши инобатга олиниб, Лига Самарқанд вилояти прокуратурасига расмий мурожаат йўллади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатда футболни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар сифатида халқаро ва миллий даражадаги футбол мусобақаларида қатнашувчи спортчиларнинг биологик ёшини сунъий кичрайтириш каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги қайд этилиб, бундай нохушликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Сўнгги тўрт йилда Лига илк профессионал шартномасини имзолаган футболчилар рўйхатини расман эълон қилади ва кейинчалик уларни ўрганиш ишларини олиб боради.

Лига ўрганишлари хулосасига кўра, футболчилар исм-шарифини расман эълон қилмайди ва уларнинг келажаги учун қайғуради. Футболчининг ота-онаси билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунга қарамай вазият ҳал этилмаса, тегишли органларга расмий мурожаатнома йўлланади.

 Тўлқин Рўзиев,ЎзА