Жорий йилнинг 27 февралида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат миллий қонунчилигимизни божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро Киото конвенцияси, Жаҳон савдо ташкилотининг Божхона тартиботларини соддалаштириш тўғрисидаги битими ва Жаҳон божхона ташкилоти қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

– Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 40 та моддасига ўзгартириш ва 5 та янги модда киритилди, – дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов. – Хусусан, товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиботлари Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича Бош битимида белгиланган қоидаларга тўлиқ мувофиқлаштирилди. Мазкур қонун билан тадбиркорларимиз учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, товарлар чиқариб юборилгунига қадар тайинланган божхона экспертизасининг натижалари олингунига қадар, товарларни шартли чиқариб юбориш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма фоизидан ошмаса, у шаклланмаслиги белгиланди. Ўз брендларига эга бўлган миллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг товарларини экспорт қилишда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти яратилди.

Яъни, божхона идоралари эндиликда тадбиркорнинг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ваколати ва тартиби белгиланмоқда.

Бу амалиёт товарлар экспортини амалга оширувчи миллий ишлаб чиқарувчиларимизга ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг контрафакт нусхаларини хорижга экспорт бўлишининг олдини олиш ҳамда миллий брендларимизнинг хорижий давлатлардаги нуфузини ошириш имконини беради. Шунингдек, товарларни қайта ишлашда ҳосил бўладиган чиқиндиларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда божхона божидан имтиёз берилмоқда.

Транспорт воситасига товарларни божхона пломбалари остида ташишга рухсат бериш тартиботлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши жорий этилмоқда.

Миллий автоташувчиларни рағбатлантириш мақсадида улар томонидан импорт товарларни ташишда лицензия карточкасини талаб қилиш тартиби бекор қилинмоқда.

Тадбиркорларнинг бир неча божхона операциялари доирасидаги мажбуриятлари бўйича тўловларни таъминлаш учун ягона (бош) таъминот тақдим этиш имконияти яратилмоқда. Жисмоний шахс томонидан алоҳида кузатиб бориладиган багажда божхона чегарасидан олиб ўтиладиган нотижорат мақсадлардаги товарлар учун эндиликда соддалаштирилган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда ушбу қонун иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратишга ва чет эл инвестицияларини кенг жалб этишга хизмат қилади. Қонун расмий эълон қилингандан сўнг 3 ой ўтгач, яъни 2024 йилнинг 28 май санасидан кучга киради.

 Шаҳноза Маматуропова,ЎзА