Ўтган 2023 йилда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйлаб жами 219,1 миллион туп, шундан баҳор мавсумида 127,7 миллион туп, куз мавсумида 91,4 миллион туп манзарали ва мевали дарахт, бута кўчатлари экилган. Бунинг натижасида ҳисобот даврида республиканинг яшиллик даражаси 15,4 фоизга етказилган.

Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналарида “яшил белбоғ”ларни барпо этиш мақсадида 1 миллион туп кўчатлар экилган. Шунингдек, республикада жами 12,5 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилган. Ниҳолхона ва кўчатхоналарнинг майдони 1,3 минг гектарга етказилиб, уларда жами 120 миллион туп ниҳол ва кўчатлар етиштирилган.

Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари кўтарилишини бартараф этиш мақсадида 200,7 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш борасидаги ишлар билан ҳам қизиқдилар. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларининг қамров даражаси 92,4 фоизга етказилган. Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаш мақсадида атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 113 та хўжалик юритувчи субъектдаги чанг-газ тозалаш ускуналари тўлиқ модернизация қилинган.

Муҳокамалар давомида депутатлар иқтисодиёт тармоқларидан ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш, республика ҳудудида экологик ҳолатни барқарорлаштириш, сув ресурсларини бошқаришни тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича вазифалар ижросини самарали ташкил этиш борасида қатор таклиф ва тавсиялар берди.

М.Комилова, ЎзА