Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) февраль ойи якунлари бўйича боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтингда 7 нафар чарм қўлқоп устамиз ўрин эгаллади.

Юксак иқтидор ва метин ҳимояга эга бўлган Муроджон Аҳмадалиев биринчи ярим енгил вазнда, истеъдодли боксчимиз Отабек Холматов ярим енгил вазнда, техника ва тезкор жанг услубида рингда муваффақиятга эришаётган Шаҳрам Ғиёсов ярим ўрта вазнда биринчи поғонадан жой олди. Шунингдек, Исроил Мадримов супер ярим ўрта вазн тоифасида биринчи бўлди.

Минимал вазнда жанг ўтказаётган Ҳасанбой Дўсматов жадвалнинг иккинчи поғонасида қолган бўлса, Бектемир Мелиқўзиев супер ўрта вазндаги боксчилар орасида бешинчи ўринда қайд этилди. Супер енгил вазнда Ботир Аҳмедов 7-ўрин соҳиби дея эътироф этилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА