Тошкентдаги муҳташам “Хумо Арена” спорт мажмуасида уч кун давом этган «Катта дубулға» турнири якунланди.

Шиддатли беллашувларга бой кечган мусобақада 68 та мамлакатнинг 500 нафарга яқин маҳоратли спортчилари совринли ўринлар билан бир қаторда «Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколари учун кураш олиб борди.

Нуфузли мусобақанинг учинчи кунги беллашувларида дзюдочи йигитлар 90, 100, +100 килограммда, аёллар 78 ва +78 килограммда беллашган бўлса, Ўзбекистон терма жамоасининг 19 нафар аъзоси мазкур 5 та вазндаги совринли ўринлар учун Тошкент татамиларида ўз омадларини синовдан ўтказди.

Муросасиз беллашувлар натижасида Музаффарбек Тўрабоев олтин медаль учун, Давлат Бобонов ва Шоҳруххон Бахтиёров бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлишди.

Давлат Бобонов ва Музаффарбек Тўрабоев бу борада Бахтиёровга нисбатан анча пишиқлигини намойиш этди. Бобонов кубалик Иван Моралесни 16 сонияда мағлуб этган бўлса, Тўрабоев финалда мустақил спортчи мақомида иштирок этган Матвей Каниковскийни доғда қолдирди ва олтин медалга сазовор бўлди.

Айтиш лозим, мазкур ютуқ туфайли Бобонов “Катта дубулға” туркумига кирадиган мусобақалардаги медаллари сонини тўққизтага етказди. Жаҳон чемпиони, “Мастерс” турнири ва Осиё ўйинлари ғолиблигига эришган Тўрабоев совринлари сонини яна биттага кўпайтириб олди.

Тарихга айланган “Катта дубулға” турнири сарҳисобига кўра, умумжамоада 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан Франция терма жамоаси 1-ўрин, 2 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза медали билан Япония вакиллари 2-ўрин ва 2 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси 3-ўрин соҳиби бўлди.

Эслатиб ўтамиз, маҳоратли дзюдочиларимиздан Музаффарбек Тўрабоев ва Достон Рўзиев олтин, Гулҳаё Жўраева кумуш, Давлат Бобонов, Шаҳрам Аҳадов ҳамда Обидхон Нўъмонов бронза медаллари билан бирга, «Париж-2024» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини қўлга киритди.

Олимпия ўйинлари рейтинг очколари ўйналган мазкур турнирда ўз вазнларида саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказиб, ярим финалгача етиб келган Шоҳруххон Бахтиёров, Дилшодбек Баратов, Сардор Нуриллаев, Муроджон Йўлдошев, Рустам Шораҳматов, Ўткирбек Тўрабоев, Алишер Юсупов ва Гулноза Матниёзова Халқаро дзюдо федерацияси рейтинги учун муҳим балларни жамғарди. Жаҳоннинг энг кучли дзюдочилари билан беллашувлар асносида тажрибалари ошди. Бу эса кейинги ғалабаларга пойдевор бўлди дейиш мумкин.

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА