Чехияда ўтаётган “Prague International Chess Festival-2024” турнирининг “Мастерс” гуруҳидаги 5-тур ўйинлари ортда қолди.
Кеча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда польшалик Матеуш Бартелга қарши дона сурди ва ўйиннинг 40-юриш ҳолатида рақиби таслим бўлганини тан олди. Бу эса маҳоратли шахматчимизнинг мусобақада 4 очкога эга бўлишини таъминлади. Ушбу ютуқ Абдусатторовни 10 нафар энг кучли шахматчи иштирок этаётган “Prague International Chess Festival-2024” турнирининг етакчисига айланишига олиб келди.
Бугун, 3 март куни халқаро турнир низомига мувофиқ иштирокчилар учун дам олиш куни этиб белгиланган.
Эртага, 4 март куни ўтказиладиган 6-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Праггнанандхаага қарши ҳaракат қилади.
Шу ўринда айтиш лозим, Халқаро шахмат федерацияси томонидан март ойи учун эълон қилинган энг кучли шахматчилар рейтингида Нодирбек 11-поғонадан жой эгаллаган бўлса, норасмий онлайн шахмат рейтингида “Prague International Chess Festival-2024”даги кўрсаткичлари ҳисобига кучли бешликни банд этиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат мазкур шахмат баҳслари 7 мартга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев. ЎзА