Пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида самбо ва жанговар самбо бўйича катталар ўртасида уч кун давом этган Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Кеча чемпионатнинг сўнгги кунида ўз вазн тоифаларида Индира Элмуратова, Феруза Хўрозова, Неъмат Ёқубов, Нурбек Тўраев, Шербек Хўжамқулов, Мусахон Зиядинов, Соҳибжон Ҳасанбоев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Мамлакат биринчилиги жорий йилнинг 28-30 июнь кунлари Макаода ўтадиган Осиё-Океания чемпионатига номзодларни саралашга қаратилгани сабабли ҳам ҳар бир беллашув муросасиз кечди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафардан ортиқ самбочилар қатнашган чемпионат сарҳисобига кўра, умумжамоа ҳисобида 4 та олтин медалга эга чиққан Самарқанд вилояти жамоаси 1-ўринни эгаллаган бўлса, Тошкент шаҳри самбочилари 2-ўрин, Бухоро вилояти вакиллари 3-ўриндан жой олди.
—Чемпионат ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди. Мусобақа жараёнида маҳоратли спортчиларни аниқлаш билан бирга, халқаро турнирларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида ҳакамлик қилишга номзод мутахассислар ҳам синовдан ўтказилди, — дейди Ўзбекистон самбо ассоциацияси раисининг ўринбосари Ислом Одилов.
Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари Спорт вазирлиги, Ўзбекистон самбо ассоциацияси томонидан таъсис этилган диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА