Жаҳонда кучли шахматчиларнинг рейтингини белгилаб борадиган турфа сайтлар, шахмат клублари мавжуд бўлиб улар орасида гроссмейстерларнинг балларини онлайн ҳисоблаб борадиган 2700chess.com сайти алоҳида ўрин тутади.

Куни кеча ушбу сайт орқали эълон қилинган маҳоратли шахматчиларнинг янгиланган рейтингида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов кучлилар рўйхатида 10-ўринда қайд этилди.

Рейтингнинг етакчилари қаторида Магнус Карлсен, Фабиана Каруана, Хикару Накамура жой олишган.
Ушбу рейтингда номлари қайд этилган бир қатор номдор шахматчилар қатори Нодирбек Абдусатторов ҳам кеча Прагада бошланган “Prague Chess Festival-2024” турнирида иштирок этмоқда.

Айтиш лозим, жорий йилнинг 7 мартигача давом этадиган мазкур турнирда Нодирбек Абдусатторов дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари бўлган Прагнанандхаа, Пархам Магсудлу, Сантош Гуджрати Видит, Гукеш, Ричард Раппорт, Давид Навара, Матеуш Бартель, Винсент Кеймер, Нгуен Тай Дай Ван билан мастерлар гуруҳида баҳс олиб бормоқда.

Кеча Халқаро Прага фестивалининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Нодирбек чехиялик Нгуен Тай Дай Ванни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бугун, 28 феврал куни турнирнинг 2-турида Абдусатторов қора доналарда ҳиндистонлик Сантош Гуджрати Видит билан куч синашади.

Т. Рўзиев, ЎзА