Яна бир неча кунлардан кейин, яъни 3 мартдан Ўзбекистон Суперлигаси ўйинлари бошланади.

Хўш, бу йил нечта хорижий мамлакатдан легионер футболчилар Суперлигага жалб этилди? Уларнинг энг кўпи қайси давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда?

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси маълумотига кўра, жорий йилги футбол мавсуми учун клубларимиз 22 та мамлакатдан 66 нафар хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказган.

Мамлакатимиз яшил майдонларида энг кўп легионер футболчи Сербия давлатига тегишли. Ушбу мамлакатнинг 13 нафар футболчиси юртимиз яшил майдонларидаги баҳсларда тўп тепади.

Легионер футболчиларнинг кўплиги жиҳатдан кейинги ўринларда Грузия(9), Черногория (7), Тожикистон (5), Россия(4), Беларусь ва Хорватия  (3 тадан) жой олган.

Шунингдек, Шимолий Македония, Украина, Қирғизистон, Босния ва Эрон давлатининг 2 нафардан футболчилари юртимиз клублари шарафини ҳимоя қилади. Гана, Бразилия, Испания, Нигерия, Латвия, Либерия, Сурия, Япония, Руминия, Молдова мамлакатлари ҳиссасига 1 нафардан футболчи тўғри келмоқда.

Яна бир қизиқ факт. Бу йил Ўзбекистон Суперлигасида қатнашадиган легионер футболчиларнинг 7 нафари дарвозабон, 14 нафари ҳимоячи, 16 нафари ярим ҳимоячи, 10 нафари қанот ярим ҳимоячиси, 19 нафари ҳужумчи ҳисобланади.

Бу йил Суперлигада ўйнайдиган легионер футболчиларнинг умумий трансфер суммаси 18 миллион 550 минг еврони ташкил этмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА