Туркия Суперлигаси 27-туридан ўрин олган “Сивасспор” ва “Пендикспор” жамоалари ўртасидаги ўйин 4:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди. Унда легионеримиз Азиз Турғунбоев беллашувни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди.

Маълумот учун, Азиз Турғунбоев жамоасининг мазкур ғалабадан сўнг очколари 37 тага етди ва жадвалнинг 6-ўрнида қолди.

Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 14-тури доирасида “Ал-Батаех” — “Ал-Ваҳда” учрашуви бўлиб ўтди. Қувонарлиси, учрашувнинг 78-дақиқасида ҳамюртимиз Ҳожимат Эркинов тўпни дарвозага аниқ йўллади. Айнан шу гол “Ал-Ваҳда”га ғалаба келтирди.

Шу тариқа, Абу Даби жамоаси турнир жадвалида 24 очко билан 5-ўринга жойлашди.

Қозоғистон суперкубоги доирасида “Ордабаси” клуби “Тобол”га қарши майдонга тушди. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида эса “Тобол” 4:5 ҳисобида зафар қучди.

“Ордабаси” сафида ҳаракат қиладиган легионерларимиз Шаҳбоз Умаров ва Жасур Яхшибоев беллашувни асосий таркибда бошлади. Кейинчалик, уларнинг иккаласи ҳам захирага олинди.

***  

Ўтган йилги мавсумдан бери дунё эътиборини тортаётган Саудия Арабистони чемпионати ҳам қизғин паллага кирди.

Чемпионатда “Аш-Шабаб” — “Ан-Наср” клублари ўзаро рақобатлашди. Ушбу ўйинда “Ан-Наср” 2:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, “Ал-Иттиҳод” — “Ар-Риёд” учрашуви 2:0 ҳисобида якунланди.

*** 

Европа қитъасида ҳам бир қатор учрашувларда кутилмаган натижалар қайд этилди.

Италия “А” Серияси 26-туридан ўрин олган “Ювентус” — “Фрозиноне” баҳси 3:2 ҳисобида якунланган бўлса “Интер” — “Лечче”ни 4:0 ҳисобида енгди. “Милан” эса “Аталанта” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Мусобақа жадвалида “Интер” битта кам ўйин ўтказган ҳолда 66 очко билан пешқадам бўлиб турибди.

*** 

Англия лига кубоги финалида “Челси” — “Ливерпуль” учрашуви бўлиб ўтди. Унда «мерсисайдликлар» 0:1 ҳисобида зафар қучди. Ўйиндаги ягона голга 118-дақиқада Ван Дейк муаллифлик қилди.

***  

Франция чемпионатининг 23-туридан ўрин олган “ПСЖ” ва “Ренн” баҳси 1:1 ҳисоби билан тугади. Гарчи “ПСЖ” ўз майдонида очко йўқотган бўлсада, 54 очко билан жадвалнинг биринчи ўрнида қолди.

***   

Бундеслиганинг 23-турида “Боруссия Дортмунд” кутилмаганда ўз майдонида “Хоффенхайм”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу ўйиндан сўнг, “Боруссия” турнир жадвалида 4, “Хоффенхайм” эса 7-ўринга жойлашди.

***  

Ла Лиганинг 26-турида Мадриднинг “Реал” жамоаси ўз майдонида “Севилья” клубини кичик 1:0 ҳисобида енгди ва 3 очкони қўлга киритди. Мазкур муваффақиятдан сўнг “Реал” очколари ҳисобини 65 тага етказиб олди ҳамда биринчи поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА