Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида 16-25 февраль кунлари қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 1 та кумуш ва 7 та бронза, жами 13 та медалга сазовор бўлди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган баҳсларда 3 та олтин ва 5 та бронза медалини жамғарган қиличбозларимиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Ўсмирларимиз эса 2 тадан олтин ва бронза ҳамда 1 та кумуш медаллари билан умумжамоа ҳисобида тўртинчи поғонадан жой олди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, мусобақанинг яккалик баҳслари сабля йўналишида Осиё чемпиони бўлган Алпамис Уракбаев, Муса Аймуратов ва Наргиза Жаксибаева каби истеъдодли қиличбозларимизнинг эришган муваффақияти қитъа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА