Гаага суди Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракат юзасидан Исроилга қарши чора кўриш сўралган яна бир даъвони рад этди. 19 февралда бошланган жараёнда Исроил 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудига дахл қилиб келиши оқибати муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда “Немис тўлқини” (dw.com) хабар берган.

Халқаро суд Ғазо жанубида, Миср билан чегарада жойлашган Рафоҳ шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган ҳарбий амалиёт туфайли Исроилга қарши профилактик чора кўрмасликка қарор қилди. Айни вазият Жанубий Африка Республикаси ва Исроил ўртасидаги ҳуқуқий низо натижасидир.

9 февраль куни Бош вазир Биньямин Нетаньяху Рафоҳда ҳарбий операция бошлаш режасини маълум қилгач, 12 февралда илк зарба амалга оширди. Ғазо соғлиқни сақлаш тизими ўшанда 67 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Миср, агар исроиллик ҳарбийлар Рафоҳга кирса, 1979 йилдаги тинчлик битими тўхтатилиши билан Исроилга таҳдид қилди.

12 февраль куни қўзғатилган иккинчи даъвода ЖАР Халқаро суддан “ўз ташаббусига кўра” иш юритиш, яъни Исроилга қарши чора кўришни сўради. Претория ўз даъвосини Рафоҳдаги ҳарбий амалиёт “оммавий қотиллик, жиддий зарар ва вайронагарчилик” олиб келиши эҳтимоли билан асослаган.

Суд даъвони рад этди.

– Хавфли вазият аввалги қарорда кўзда тутилган чораларни тақозо этмокда, –дейилади Гаага суди 16 февралда эълон қилган баёнотда. – Айни чоралар бутун Ғазо сектори, жумладан Рафоҳда хам амалга оширилиши керак.

Бу ерда гап ўтган йил 29 декабрда ЖАРнинг Исроилга қарши биринчи даъвоси бўйича чиқарилган қарор ҳақида кетяпти. Ўшанда Африка давлати Исроилни 1948 йилги геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги БМТ конвенциясини бузганликда айблаган.

26 январь куни қабул қилинган ҳужжатда Халқаро суд Исроилга мазкур конвенцияга тегишли ҳар қандай ҳаракатдан тийилиш, мудофаа кучлари Ғазо секторида геноцид ҳаракатини содир этмаслигини таъминлашни буюрди. Бундан ташқари суд Исроил Фаластин ҳудудларидаги бегуноҳ аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига рухсат бериши керак, деган қарорга келди.

Фармонга кўра, Исроил 26 февралга қадар ушбу чора-тадбирлар амалга оширилгани тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.

Исроил Ғазо секторида ХАМАСга қарши ҳаракат бўйича барча айбловларни рад этиб, 2023 йил 7 октябрдаги 1200 га яқин одам ўлдирилган, 250 дан зиёд киши гаровга олинган ҳужумга жавобан, ХАМАС радикал исломий ҳаракатига қарши Ғазо секторида ҳарбий операция ўтказаётганини таъкидлаган.

ХАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш тизими маълумотига кўра, Ғазода 28 700 одам ҳалок бўлган. Мустақил манбалардан тарқатилган бу маълумотни текшириш иложи йўқ.

Исроил, Европа Иттифоқи ва АҚШ ХАМАСни террор ташкилоти сифатида тан олган. Германия ва Британия каби энг яқин иттифоқчи давлатлар ҳам Исроилни Ғазо жанубидаги Рафоҳда ҳарбий амалиёт ўтказиш оқибатидан огоҳлантирди. Шаҳарда секторнинг бошқа ҳудудларидан келган қочқинлар билан бирга миллиондан кўп аҳоли истиқомат қилади.

Исроил аввалроқ ҳудудни “хавфсиз”, деб эълон қилган эди. Нетаньяху ўтган ҳафта ҳарбийларга Рафоҳда қуруқлик амалиётияга тайёргарлик кўришни буюрган.

БМТ суди Фаластин ҳудудларини босиб олиш оқибати юзасидан хулоса тайёрламоқда. Гаага суди 19 февралдан бери ҳозирги вазиятдан ташқари “Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудуди, жумладан Шарқий Қуддусдаги сиёсати ва амалиётидан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар” масаласи бўйича ҳам хулосаларни тинглаяпти. БМТ Бош Ассамблеяси суддан 2022 йил декабрда, яъни Исроил ва ХАМАС уруши бошланишидан олдин бу масала бўйича фикр билдиришни сўраган. БМТ наздида “Босқин қилинган Фаластин ҳудудлари”га Исроил томонидан ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ҳам киради.

БМТ БАнинг 2022 йил 30 декабрдаги резолюциясида бошқа жиҳатлар қатори Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда яҳудий аҳоли манзиллари қурилиши билан боғлиқ турли масалалар ҳам кўтарилган. Хусусан, фаластинлик оддий аҳолини исроиллик кўчманчилар зўравонлигидан ҳимоя қилиш зарурлиги қайд этилган. Шунингдек, Исроил томонидан минтақа “самарали қамал” қилиниши туфайли юзага келган Ғазодаги “ҳалокатли гуманитар вазият” ҳам назарда тутилган.

Маълумотга кўра, 1967 йил Олти кунлик уруш пайти қўлга олинган 600 мингга яқин исроиллик Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда улар учун қурилган 200 дан ортиқ аҳоли манзилида истиқомат қилади. Фаластинликлар бу ҳудудни ўз давлатининг бир қисми, дея даъво қилишади. Германия ва Қўшма Штатлар, жумладан, “икки халқ учун икки давлат яратиш” бўйича музокара жараёнининг бир қисми сифатида ушбу масалада уларни қўллаб-қувватламокда. Исроил томонидан турар-жой қурилиши халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида баҳоланган.

БМТ Бош Ассамблеяси ўз сўровида Гаага судидан “Исроилнинг Фаластин ҳудудларини ишғол қилиши, турар-жой қуриши ва аннексия жараёнини давом эттириши натижасида Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаши билан боғлиқ ҳуқуқи узлуксиз бузилиши” туфайли юзага келадиган ҳуқуқий оқибатларни баҳолашни сўраган.

Резолюцияда фаластинликлар бўлажак давлати пойтахти, деб биладиган Шарқий Қуддусга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Муқаддас Қуддус шаҳрининг демографик таркиби, хусусияти ва мақомини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар”га аниқ баҳо бериш талаб қилинган.

Исроил 1980 йил Қуддусни давоатнинг “ягона ва абадий” пойтахти сифатида эълон қилди. “Де-факто” аннексия сифатида қабул қилинадиган бу ҳаракатни аксар давлатлар тан олмайди.

Халқаро судда 50 дан ортиқ давлат вакиллари тингланади. Эшитув Фаластин вакиллари баёноти билан бошланди. Уларга 3 соат вақт берилди. 26 февралга қадар жами 52 давлат вакили чиқиш қилади. Араб Лигаси, Африка Иттифоқи ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам ярим соатдан вақт ажратилган.

Тингловда иштирок этаётган давлатлар қаторида Нидерландия, Бельгия, Испания ва Франция каби ЕИ таркибидаги бир неча мамлакат бор. АҚШ ва Канада ҳам вазиятга изоҳ беради. БМТнинг 193 аъзосидан 140 га яқини Фаластинни давлат сифатида тан олади. АҚШ, Германия ва бошқа Ғарбий Европа давлатлари бундан мустасно.

Тинглов якунида Халқаро суд тегишли ҳисобот эълон қилиб, БМТ Бош Ассамблеясига олиб чиқилган ҳуқуқий масала ҳақида маълумот беради.

Жараёнда расман иштирок этмайдиган Исроилдан БМТ суди келажакда зарур маълумот сўраши мумкин. Исроил судга ёзма равишда ўз қарашини билдирган, бироқ 19 февралдан бошлаб тингловда иштирок этаётган давлатлар қаторида эмас.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА