Хабарингиз бор, XXXII ёзги Олимпия ўйинларига 2020 йилда Япония пойтахти Токио мезбонлик қилади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти, мамлакат футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташкилий қўмита раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар олиб бориш учун кунчиқар юртга жўнаб кетди. МОҚ раҳбари у ерда Ўзбекистон спорт делегациясининг тайёргарлиги юзасидан бир қатор масалалар бўйича музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Жумладан, “Takasaki Foundation” вице-президенти Митсуо Юки, Токиода Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказиш бўйича вазир Тошиаки Эндо, Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти Цунэкадзу Такэда билан мулоқотлар олиб борилади, тўрт йилнинг нуфузли спорт тадбирига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан, қолаверса, икки мамлакат Олимпия ўйинлари ҳаракати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Олимпия спорт турларининг ривожи йўлидаги ислоҳотлар муҳокама қилинади, ўзаро фикр алмашадилар.
МОҚ ва ЎФА мутасаддиси Япониядаги масалаларни ниҳоясига етказгач, ўша ердан тўғри Россия пойтахти Москва шаҳрига йўл олади. У ерда FIFA Конгрессида иштирок этиб, футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви – Россия – Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги баҳсни “Лужники” стадионининг мартабали меҳмонлар ложасидан томоша қилиши белгиланган.
ЎзА