Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича депутат Ф.Ашматов маълумот берди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Бош қомусимизга мувофиқ, маҳкумларга инсоний муносабатда бўлиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида халқаро органларга мурожаат қилиши ҳамда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайлов ва референдумларда иштирок ҳуқуқлари кафолатланди.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳақ тўланадиган иш даврини уларнинг умумий меҳнат стажига ижтимоий солиқ тўланган даврни қўшиб ҳисоблаш амалиёти жорий этилди. Мазкур қонун лойиҳасига кўра, Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонпарварлик тамойили асосида муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга оид бир қатор нормалар киритилмоқда. Жумладан, мазкур Кодекснинг 9-моддасига “Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш” тўғрисидаги қўшимча норма киритилмоқда.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 9-моддаси (Маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари)да маҳкумларнинг жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига мурожаат этиш ҳуқуқи берилган бўлиб, маҳкумлар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи қонунчилик нормаларида белгиланмаган эди. Қонун лойиҳаси билан айнан шу моддага қўшимчалар киритиш орқали оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайлов ва референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Oмбудсман) ва Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсмани) махсус мурожаат қутиси орқали мурожаат йўллашига доир ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА