Роботлар мавзуси янгилик эмас, албатта. Юқори ва рақамли технология, сунъий интеллект, дрон, интернет атамалари аллақачон кундалик турмушнинг ажралмас қисмига айланди.

Бинобарин, айнан робот яратиш юқори технология соҳасида устувор экани таъкидлаб келинади, чунки юқорида санаб ўтилган барча йўналишларга тегишли унсурлар айнан роботда умумлаштирилмоқда, десак хато бўлмайди. Шу боис мазкур йўналишда изланиш жадал олиб борилаётгани, турли соҳаларда “темир одам” инсон ўрнини эгаллаётгани эътироф этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ақлли “темиртан”лар, саноат ишлаб чиқаришдан тортиб, инсонлар шахсий ҳаётига ҳам кириб келмоқда. Қуйида робот оламида юз бераётган сўнгги янгиликларга эътибор қаратамиз.

Робот-кучук ёки Робот-Пикассо чизган суратларнинг харидори кўп

Инсон яралибдики, ҳар соҳада ишини такомиллаштириш, осонлаштириш ҳақида бош қотириб келган. Рассом Агнешка Пилат ҳам шундай йўлдан бориб, суратни янги усулда чизишга қарор қилди. Ижодкор “буюк асарлари”ни яратишда мўйқалами ва ҳатто, қўлидан ҳам фойдаланмаяпти. Унинг учун ҳамма ишни “Boston Dynamics” ишлаб чиқарган механик ёрдамчи бажармоқда.

Ҳозир робот-кучук чизган суратлар яхши нархда сотиляпти, деб ёзган “New York Post”. Масалан, аукционда бир санъат шайдоси сурат учун 40 000 доллар берган.

Австралиянинг Мельбурн шаҳридаги Виктория миллий галереясида ташкил этилган “Heterobota” кўргазмасида намойиш қилинган сурат чизиш жараёни томошабини бисёр.

Юмшоқ митти-робот сув тозалигини текширади

Расм чизиш робот бажарадиган осон ишлардан бири, холос. Яқинда хитойлик биология-тиббиёт муҳандислари унча катта бўлмаган юмшоқ робот ясашди. Қурилма суюқликда коронавирусни аниқлаши мумкин.

Робот сузади ва сувнинг тоза ёки ифлослигини аниқлайди. механизм уч ўлчагичдан иборат: бири сувда ва суюқлик атрофида хлорид даражасини, бошқаси аммиак миқдорини текширади ва ўлчайди, учинчиси эса коронавирус мавжудлигини билиб беради. Маълумотни қайта ишлайдиган чип эса огоҳлантиришни смартфонга жўнатади.

Робот-кўйлак модага айланса…

Шундай бўляпти ҳам. “Schiaparell” модалар уйи Парижда 2024 йил учун баҳор-ёз тўпламини намойиш қилди. Моделлардан бирининг саҳнага техно-кўйлакда чиқиши томошабинлар ҳайратига сабаб бўлди.

Кўйлак-робот электрон чип ва эски платодан иборат. Икки тугмачали телефон, ҳисоблагич ва батарейка либосга зеб берган, дейди экспертлар. Шунча матоҳ орасида “Swarovski” қимматбаҳо тоши ярақлаб тургани алоҳида мавзу, дейиш мумкин.

Дунёдаги энг эпчил робот яратилди

Робот ясасанг, ҳамма топшириқни мукаммал бажаришга уринса-ю, ҳаракати жуда суст бўлса… демак қурилма мукаммал эмас. Шу камчиликни тўғрилаш устида бош қотириш кераклигини англаган Вашингтон университети олимлари яқинда энг кичик, енгил ва чаққон робот ясашди.

Қўнғиз кўринишда яратилган митти машинанинг биринчиси атиги саккиз миллиграмм, иккинчиси эса 55 миллиграмм келади. Иккаласиям сув юзасида ёки қуруқликда сониясига олти миллиметр масофани босиб ўтади.

Дастлабки синовда микроробот ўзидан 150 марта оғир юкни кўтарган.

 

“Tesla Optimus” роботи футболка тахлайдиган дастёрга айланди

Яқинда Илон Маск ижтимоий тармоқ саҳифасида “Optimus Gen-2” роботига ўхшаш қурилма футболкаларни тартиб билан тахлаётганини намойиш қилди.

Миллиардер эътироф этишича, “Tesla”роботлари ҳозирча мустақил ҳаракат қила олмайди. Роликда мосламани одам бошқараётгани, саватда бир футболка тургани тасвирланган. Қаршисидаги стол робот учун махсус баландликда ясалган. Агар стол бир сантиметр паст ёки юқори бўлса, робот футболкани тахлай олмасди.

Маск ишонтиришича, келажакда “Optimus” роботлари бундай ишларни мустақил бажаради.

Геймерга шерик робот

Япониянинг Нари (NAIST) фан ва технология институти геймерлар учун унча катта бўлмаган робот-шерик яратди.

Машина геймпадни ишлата олади, ўйинчи тарафдан туриб ёки унга рақиб бўлиб ўйнай олади. Қурилма синовдан ўтгач, 11-бор ўтказилган “Human-Agent Interaction-2023” – HAI23 халқаро конференциясида намойиш қилинди.

Ишланма муаллифлари таъкидлашича, робот нафақат ўйинчига шерик бўла олади, балки экрандаги ҳаракатга муносабат билдириб, шеригини турли мақтов сўзлар билан фаол қўллаб-қувватлайди ҳам.

Тизим сунъий интеллект тил модели асосида мулоқот қилади.

Экспертлар роботлашган тизимни 30 нафар ўйинчи иштирокида синовдан ўтказишди. Робот билан шерик бўлиб ўйнаган кўнгиллиларнинг кўпчилиги ўзи ёлғиз ўйнаганидан кўра яхши натижага эришганини таъкидлаган.

Роботларни савдо иши ҳам қизиқтиряпти

2024 йил Калифорнияда дунёдаги илк тўлиқ автономлаштирилган ресторан очилади. Сунъий интеллект жараёнга тўлиқ раҳбарлик қилади.

Мазкур ресторан ғояси Американинг бир йўла уч – “Cali Group”, “Miso Robotics” ва “PopID” компанияларига тегишли. “Cali Group” ресторан ва чакана савдо бизнесига замонавий технологияни жорий қилиш билан шуғулланади. “Miso Robotics” сунъий интеллект бошқаруви асосида дунёдаги илк роботлаштирилган таом тайёрлаш мажмуасиини яратади. “PopID” эса биометрия ёрдамида электрон тўлов амалга ошириш учун ечим қидирмоқда. “CaliExpress by Flippy” номли ушбу ресторан Пасадена шаҳри марказида жойлашади.

Айтишларича, бу ерда анъанавий америкача “фаст-фуд” тайёрланади.

Уни синдира олмайсан

Хитойнинг “Unitree” бренди B2 механик ити имкониятини намойиш қилди. Қурилма турли муҳитда корхонани қўриқлаш, авария-қутқарув амалиётини ўтказиш учун мўлжалланган, деб ёзган “New Atlas” нашри.

Рельефда ҳаракатланиш учун робот икки HD оптик камера ва турли сенсорлар, жумладан “LiDAR” модули комбинациясидан фойдаланади. “Ит” автоном тарзда зинапояга кўтарилиши, турли мураккабликдаги, баландлиги 40 сантиметргача бўлган тўсиқлардан ўтиши мумкин. Ўзидан олдинги робот билан солиштирилганда, В2 тезроқ ҳаракатланади. “Unitree”  бренди маълум қилишича, 40 оғирлиги кг келадиган “жонивор” сониясига 6 метр тезликда ишлайди, тик турган ҳолатда 120 кг юкни кўтара олади. Яъни, назарий жиҳатдан робот устига икки кишини миндириши мумкин ва бундан қийналмайди.

Икки аёқли робот уйингизни қўриқлайди

Яқинда LG ўзининг сўнгги ақлли уй инновацияси – “Smart Home AI Agent” қурилмаси ҳақида маълумот берди. Ғилдиракли икки оёқли робот сунъий ва мултимодал технологияни бирлаштирган, деб ёзди “FoneArena.com” сайти. Янги маҳсулот уйингизда ақлли ёрдамчига айланади. Ўрнатилган камера ва ўлчагич хона кенглигини аниқлайди. Динамик, микрофон ва сунъий интеллект тизими мустақил ҳаракатланадиган роботга инсон нутқини тушуниш, унга жавоб беришда ёрдам беради. Қурилма фойдаланувчи билан фаол мулоқотга ҳам кириша олади. LG роботи “Qualcomm Robotics RB5” платформаси ва атроф-муҳит ҳақида маълумот тўплайдиган сенсор билан жиҳозланган. Реал вақтда ҳарорат ва намликни, ички ҳаво сифатини ўлчайди. Бундан ташқари ёрдамчи ақлли маиший техникага уланади ва эгасининг буйруғи билан мосламани бошқаради. Икки оёқли қоровул уйни қўриқлаши, бирор ноодатий ҳаракатни аниқлаб, фойдаланувчига огоҳлантириш юбориши мумкин. Роботнинг яна бир фойдали томони соҳибига шахсий жадвалидаги ишларни эслатиб туришида. Масалан, вақтида дори-дармон қабул қилишни айтади.

“Tesla” роботлари инсонга қарши бош кўтармоқда

Бундай воқеалар фақат фантастик кинода бўлади, деб ўйлаётганлар адашади, чамаси. Робот ҳаётда ҳам инсон билан зиддиятга бораркан. Ўтган йил  Техасдаги “Тесла” автомобиль заводида шунга ўхшаш даҳшатли воқеа юз берди. Автомобиль қисмини ҳаракатлантириш учун мўлжалланган робот “ақлдан озган”га ўхшади ва одамга ҳужум қилди. “Daily Mail” нашри  ёзишича, компания муҳандиси ишдан чиққан икки роботнинг дастурий таъминотини тузатаётган эди. Шу пайт яқин атрофдаги бошқа бир машина уни деворга тираб, темир тутқичини бечоранинг орқаси ва қўлига ботирган. Мутахассислар бунга дастурдаги носозлик сабаб бўлганини аниқлашди. Манбага кўра, шунга ўхшаш ҳодиса “Тесла” заводида тез-тез содир бўлиб тураркан. Фақат мутасаддилар бу ҳақда кенг жамоатчиликка кўпам билдиравермаса керак.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА