Шу кунларда футбол ихлосмандлари Европа чемпионлар лигаси ҳамда Осиё чемпионлар лигаси баҳсларини катта қизиқиш билан кузатмоқда.

Ушбу мусобақалардаги ҳар бир ўйин шиддатли ва муросасиз ўтиши билан дунё нигоҳида бўлади. Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистон клублари ҳам иштирок этаётгани бизни янада қувонтиради.

Куни кеча Осиё чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичида “Насаф” клуби Қаршида “Ал-Айн” билан нурсиз дурангга эришди. Ҳар иккала жамоада ҳам ҳисобни очиш учун бир неча қулай имкониятлар бўлди, бироқ мазкур ўйинда дарвозалар дахлсизлиги таъминланди. Лекин, шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, баҳснинг умумий статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, устунлик “Ал-Айн” томонида эканига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, ўйин давомида “Насаф” тўпга эгалик қилишда 41 фоиз натижа қайд этган бўлса, рақиб жамоа 59 фоиз тўпни ўзида ушлаб турди. Дарвозаларга берилган зарбаларда ҳам кичик устунлик “Ал-Айн”да – 8-9. Бироқ хавфли зарбалар бўйича ҳисоб 2-2 бўлса, ноаниқ зарбалар ҳисоби 4-5. Ўйин давомида жами 9 маротаба бурчак тўп тепилди. Унинг 6 таси мезбонлар томонидан, 3 таси эса меҳмонлар тарафидан амалга оширилди.

Шу тариқа “Марказий” стадионда ўтган ўйинда юқоридаги статистика қайд этилди. Дарвоқе, кечаги баҳсга 15 минг 186 нафар мухлис ташриф буюрди.

Шунингдек, кеча ОЧЛ плей-офф босқичидан ўрин олган “Ал-Файҳа” “Ан-Наср” учрашувида риёдликлар 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона голни 81-дақиқада Роналду киритди.

Бугун мусобақа доирасида Намангандаги “Марказий” стадионда “Навбаҳор” ва “Ал-Иттиҳод” учрашуви бўлиб ўтади. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 19:00 да старт олади. Баҳсни Иида Жумпеи (Япония) бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга қанотларда ҳамюртлари – Кота Ватанабе, Такаги Такуми ёрдам беради. VARда Кимура Хироюк, АVAR да эса Хироки Касахара ишлайди.

Мазкур ўйин олдидан ҳар икки жамоанинг гуруҳ босқичидаги натижаларига тўхталиб ўтамиз. Наманган клуби “D” гуруҳида 13 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўрин соҳиби сифатида 1/8 финалига йўл олди. “Навбаҳор” гуруҳда “Ал-Ҳилол”, “Мумбай Сити” “Нассажи Мозандарон” каби клублар билан ўйин ўтказди ва 4 ғалаба ҳамда 1 тадан дуранг ва мағлубиятга эришди.

Жидда клуби эса “С” гуруҳида 15 очко жамғариб, квартетда биринчи ўринни эгаллади. “Ал-Иттиҳод” гуруҳ босқичида “АГМК”, “Сепаҳон” ва “Ал-Қува” клублари билан ўзаро рақобатлашиб, 5 ғалаба ва бир мағлубият натижа кўрсатди.

Мусобақанинг гуруҳ босқичида қайд этилган натижалардан шуни кўриш мумкинки, устунлик “Ал-Иттиҳод” клуби томонида. Лекин ҳозирда ушбу жамоада бир қатор етакчи футболчилар майдонга тушмайди, хусусан Карим Бензема. Нима бўлганда ҳам “Навбаҳор” гуруҳ босқичида кучли рақибларга, жумладан “Ал-Ҳилол”га қарши сафарда қандай ўйин кўрсатгани ҳамон ёдимизда. Умид қиламизки, бугунги ўйинда ҳам вакилларимиз ишончли ўйин намойиш этади.

Мазкур учрашувда “Навбаҳор” тўлиқ кўк рангли либосда майдонга чиқади. Саудиялик футболчилар эса оқ рангдаги формада ҳаракат қилишади. Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Ал-Иттиҳод” учрашуви соат 19:00да старт олади.

Шунингдек, бугун ОЧЛ 1/8 финали доирасида “Сепаҳон” ва “Ал- Ҳилол” клублари ҳам ўзаро рақобатлашади. Ушбу беллашув соат 21:00 да бошланади.

Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичида қайд этилган натижалар ҳақида тўхталамиз.

Кутилганидек, Париж шаҳрида “ПСЖ” ва “Реал Сосьедад” жамоалари ўзаро рақобатлашди ва унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг 58-дақиқасида Мбаппе ҳисобни очган бўлса, 70-дақиқада Барколя орадаги фарқни иккитага ошириб қўйди. Шу тариқа, “ПСЖ” 5 март куни ўтказиладиган жавоб учрашуви олдидан катта устунликка эга бўлиб олди.

Маълумот учун, ушбу жамоалар шу кунга қадар ўзаро ўйин ўтказишмаган ва умумий ҳисоб 1:0 кўринишини олди.

Нимчорак финал ўйинларининг навбатдаги баҳсида “Лацио” ва “Бавария” ўзаро тўқнаш келди. Мазкур учрашувда кутилмаганда “Бавария” 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ўйиннинг 67-дақиқасида ҳакам Упамеканога қизил карточка кўрсатиб, Мюнхен жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима тўпини Иммобиле муваффақиятли бажарди ва жамоаси ғалабасини таъминлади.

Шу ўринда, бу жамоалар бугунга қадар мусобақа доирасида икки ўйинда ўзаро рўбарў келган. “Бавария” ҳар иккала ўйинда 2:1, 1:4 ҳисобларида зафар қучган. “Лацио”нинг кечаги ғалабасидан сўнг умумий ҳисоб 2:1 кўринишини олди. Эслатиб ўтамиз, “Бавария” ҳамда “Лацио” ўртасидаги жавоб учрашуви 5 март куни бўлиб ўтади.

Ўзбек футболи ҳақида икки оғиз. Барчамиз интиқлик билан кутаётган “Суперлига – 2024” чемпионатининг биринчи тур ўйинлари қайси вақтда бошланиши маълум қилинди.

Қуйида ушбу рўйхат билан танишасиз:

1-тур

“Навбаҳор” — “Динамо” 1 март, 18:30

“Насаф” — “Олимпик” 1 март, 19:15

“Бунёдкор” — “Қизилқум” 2 март, 17:00

“Сўғдиёна” — “Нефтчи” 2 март, 19:15

ОКМК — “Андижон” 3 март, 15:00

“Локомотив” — “Металлург” 3 март, 17:15

“Сурхон” — “Пахтакор” 4 март, 18:30

Андрей Фёдоров исмини эшитган футбол мухлислари футболимизнинг шонли ўтмишини ёдга олади. Унинг ҳимоядаги ўйинларини ҳеч қачон эсдан чиқариб бўлмайди. Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Андрей Фёдоров эндиликда Қозоннинг “Рубин-2” жамоасида фаолият олиб боради. У жамоада катта мураббий лавозимида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, Андрей Фёдоров 2000-2008 йилларда айнан Қозон клубининг “Рубин” сафида ўйнаган ва 2008 йилда чемпионликни қўлга киритган. Жамоа таркибида жами 127 та ўйинда майдонга тушиб, 15 та гол урган.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА