Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё волейбол ассоциациясининг (CAVA) Бош ассамблеяси йиғилишида ўзбекистонлик мутахассис мазкур ташкилотнинг вице-президенти этиб сайланди.

Ассамблея йиғилишида минтақада мазкур спорт тури оммавийлигини янада ошириш, малакали ҳакам ва мураббийларни тайёрлаш каби масалалар кўриб чиқилди. Ташкилот раҳбарияти таркиби кейинги тўрт йилга сайланди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Марказий Осиё волейбол федерацияларининг делегатлари томонидан овоз бериш йўли билан ўтган сайловда CAVAнинг амалдаги раҳбари, Муҳаммад Латиф янги муддатга ташкилот президенти вазифасини эгаллаган бўлса, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов Марказий Осиё волейбол ассоциацияси вице-президенти вазифасига сайланди.

Т. Рўзиев, ЎзА