“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида мактабгача таълим билан қамров даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг мактабга тайёрлов гуруҳларини замонавий таълим планшетлари ва сенсорли экранли интерактив доскалар билан таъминлаш ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига тоза ичимлик суви етказиб бериш каби чора-тадбирлар ўрин олган.

“Намунавий мактаб” лойиҳалари асосида 480 та мактабни реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш орқали 150 минг ўқувчи ўрнини яратиш кўзда тутилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган 257 мактабни тўлиқ замонавий мебель, ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда умумтаълим мактабларидаги 2,2 мингта маънан эскирган компьютер синфини янгилаш каби масалалар киритилган.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.

Сенаторлар муҳим йўналиш – умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш масаласига эътибор қаратди. Хусусан, умумий ўрта таълим муассасалари учун 131 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун услубиёт китобларини яратиш, педагогни хорижий мамлакатларга малака ошириш ёки стажировкага юбориш ҳамда нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари қамровини кенгайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, профессионал таълим тизимини ривожлантириш орқали ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш ҳамда олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш йўналишида ҳам муҳим вазифалар режалаштирилган.

Дастур лойиҳасида аҳолининг соғлиғини сақлаш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш йўналишлари ҳам қамраб олинган. Хусусан, 3-18 ёшли 9,8 миллион болани онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича оммавий ва селектив скринингдан ўтказиш, 900 минг чақалоқни туғма гипотиреоз, фенилкетонурия касалликларига неонатал скринингдан ўтказиш тадбирлари ўтказилади.

Оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш мақсадида 1 миллион ҳомиладор ва 1,5 миллион  эмизикли аёлни йод препарати билан, 5,9 миллион нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш режалаштирилмоқда.

Мажлисда сенаторлар, эксперт гуруҳи аъзолари томонидан Давлат дастури лойиҳасига таклиф ва тавсиялар берилди. Оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича узоқ муддатли Миллий стратегияни ишлаб чиқиш, мактабгача таълим ташкилотларида ва мактабларда овқатланишни ташкил этишни такомиллаштириш масалалари шулар жумласидандир.

Давлат дастури лойиҳаси юзасидан билдирилган таклифлар умумлаштирилди ҳамда лойиҳага киритиш учун тақдим этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА