Фуқаролик паспортини, идентификацияловчи ID-картасини ва хорижга чиқиш учун биометрик паспортни қасддан яроқсизлантириш ёхуд уни эҳтиёт қилиб сақламаганлик оқибатида йўқотиб қўйиш ҳолатларига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўллаш белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини ва (ёки) идентификацияловчи ID-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёхуд йўқотиб қўйгани учун ҳам худди шундай жарима кўзда тутилмоқда.

Ушбу тартибларни ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Муҳокамалар жараёнида бир қатор масалалар кўтарилиб, айрим нормалар депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида мазкур қонун лойиҳаси депутатлар, ташаббускорлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган муҳим нормалардан бири бўлган, яъни ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик ва етарлиликнинг конституциявий принципларига таянган ҳолда маъмурий жавобгарлик чораларини либераллаштириш ҳамда уларни аниқ белгилаш таклиф этилмоқда. Хусусан, ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй бергани натижасида жабрланган шахсларни паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани белгиланган муддатларда расмийлаштирмаганлик ёхуд доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмаганлик каби ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган жавобгарликдан озод этиш белгиланмоқда.

Қизғин муҳокамалар чоғида депутатлар лойиҳадаги нормалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси киритган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси янги учинчи қисм билан тўлдирилмоқда, — деди депутат Ўктам Исломов. — Яъни, паспортни ёки ID-картани эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиш ёки қасддан яроқсизлантириш БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда. Мазкур иккита ҳуқуқбузарлик ижтимоий хавфи жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ килади. “Паспортни ёки ID-картани эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиш” нормасини амалдаги 223-модданинг биринчи қисмига қайтариш ҳамда ушбу модданинг биринчи қисми санкциясида белгиланган БҲМнинг 0,5 дан 3 бараваригача жаримани энг минимал чегарага тушириш лозим.

Қонун ташаббускорлари депутатнинг ушбу таклифини кўриб чиқишини билдирди.

Шунингдек, депутат Жаҳонгир Абдурасулов қонун лойиҳасига огоҳлантириш институтини киритиш таклифини илгари сурган бўлса, Зафар Худойбердиев қонун лойиҳаси билан киритилаётган янги тушунчаларни қўллаш юзасидан таклиф берди.

Депутатлар томонидан берилган таклифлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда атрофлича ўрганиб чиқиладиган бўлди.

М.Комилова, ЎзА