Янги қонун

2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур ҳужжатда аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш бўйича чоралар белгиланган. Декларатив хусусиятга эга вазифаларни бекор қилиш, функцияларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва такрорланишларнинг олдини олиш орқали бюджет маблағларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича вазифалар белгиланган. Шу жумладан, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулиятини янада кучайтириш кўзда тутилган.

2024 йил 16 январдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ана шу вазифаларни амалда таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

– Президентимизнинг юқоридаги фармонлари билан бир қатор янги тартиблар жорий этилди, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров. – Хусусан, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги таркибига киритилди. Вазирлик зиммасига давлат хизматлари кўрсатиш ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш йўналишидаги қатор вазифалар юклатилди. Агентликларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари тегишли равишда вазирликнинг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.

Қонунда айнан шу жиҳатларнинг қонуний асослари белгиланди. Янги қонун билан 2 та кодекс ҳамда 15 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунга кўра, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддати қисқартирилди. Адлия органларига интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш ваколати берилди. Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколати адлия органларига ўтказилди.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланди.

Қонун қабул қилиниши натижасида Президент фармони ва қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг МДҲ иштирокчи-давлатлари сохта товар белгиларининг олдини олиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича механизмлар жорий этилди.

Қонун амалиётда аҳоли ва тадбиркорлар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА