Кейинги йилларда мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунда тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Айниқса, соҳа равнақида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш каби тадбирлар ўзининг амалий самарасини беряпти.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу эса икки томон учун барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида муҳим даврни бошлаб беради.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг ушбу давлат ташрифи мамлакатимиз электротехника саноатини ривожлантиришда Ўзбекистон ва Хитой давлатлари компанияларининг ўзаро ҳамкорлигига кенг йўл очади.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг сўзига кўра, ушбу йўналишда фаолият юритаётган мамлакатимиз корхоналари айнан Хитой компаниялари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаши ҳар жиҳатдан фойдалидир.

– Мамлакатимиз раҳбарининг 2024 йилдаги илк давлат ташрифи айнан Хитойга амалга оширилишида ҳам рамзий маъно бор, – деди Н. Толипов. – Экспертларнинг фикрига кўра, ушбу ташриф ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга, икки давлат муносабатлари тарихида ўзига хос янги саҳифани очишга хизмат қилади.

Ушбу давлат ташрифи доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов ҳам бир қатор Хитойнинг йирик компания вакиллари билан инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш йўлида музокаралар олиб бормоқда. Бугун уюшмамиз раҳбари “GCL Group” компаниялар гуруҳининг Сучжоу шаҳридаги бош қароргоҳига ташриф буюрди. Мақсад эса бу ерда иш жараёни билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликка имкониятлар излашга қаратилди.

Йиғилиш аввалида корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва истиқболлари билан яқиндан танишилди, шунингдек, унинг тарихи, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ишланмалар ҳақида атрофлича маълумот олинди.

Биламизки, Хитой электротехника, электроника, ярим ўтказгичлар, “яшил” энергетика саноатида йирик конгломератлари жойлашган мамлакат ҳисобланади. “GCL Group”– бу полисиликон, ярим ўтказгичли пластиналар, қуёш батареялари, қуёш модуллари,панеллар ва бошқа қуёш энергияси маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган Хитойнинг диверсификацияланган конгломерати.

1990 йилда ташкил этилган ушбу компания дунёдаги энг йирик полисиликон ишлаб чиқарувчилардан биридир. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 120 минг тонна полисиликонни ташкил этади. Ўзининг 6 та саноат кластерига эга бўлиб, ўз маҳсулотларини 70 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилади.

Хизмат сафари давомида уюшма делегацияси “GCL Tech” (“GCL Group”таркибига кирувчи компания) вице-президенти билан ҳам музокаралар олиб борди. Ўз навбатида, хитойлик вакиллар ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Учрашув натижасида биргаликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнларини тезлаштириш ва кейинги босқичга ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва Хэфэй шаҳридаги компания заводларидан бирига ташриф буюриш таклиф қилинди.

Мухтасар айтганда, ушбу соҳа иқтисодиёт ривожида муҳим бўлиб, бу борада ҳамкорлик нафақат ўзбек мутахассислари учун, балки хитойлик вакиллар учун манфаатлидир. Бу учун эса айни кутилаётган натижаларни олиб келишга имконият яратади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди