Қирғизистон 2035 йилгача аввал юзага келган қарзларини тўлайди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
– Илгари олинган кредитлар ўзини-ўзи таъминловчи лойиҳалар учун ишлатилмади. Пул қумга ботгандек ғойиб бўлди. “Шимол-Жануб”, “Датка-Кемин” муқобил йўли, ИЭС учун олинган сўнгги кредитлар тўғри бўлди. Бизга бу лойиҳалар керак эди, лекин улар бизга икки баробар қимматга тушди. Назорат жуда ёмон эди, ўғирликлар бўлди”, деб тушунтирган президент.
Садир Жапаровнинг фикрича, қарзларни тўлаш муддати келган, давлат уларни тўлашга киришган.
– 2035 йилга бориб биз илгари юзага келган қарзларни тўлаймиз. Биз барча захираларимизни тўплашимиз мумкин. Бунинг учун давлатимизнинг кучи етарли. Илгари бошқача эди. Сиз буни яхши биласиз. Кредит олишда шартномада қарзни муддатидан олдин тўлаш шартлари кўрсатилган, бунда фоиз ставкаси сезиларли даражада ошади. Бундай асоссиз сарф-харажатлар Қирғизистон учун фойдали эмас, шунинг учун қарз жадвал асосида тўланади”, — дейди у.
Aйни пайтда Қирғизистон “икки марта ўлчаб, бир кес” тамойили бўйича иш олиб боради, қайси лойиҳа, қандай шароитда ва қачон ўзини-ўзи таъминлашга киришишини аниқ ҳисоблаб чиқади.
– Қамбарота ГЭС-1 қурилиши учун кредит олишга тайёрмиз. Тез орада маблағ оламиз. Қамбар ота-1 ГЕСи қуриб битказилса, 12-13 йилда ўзини оқлайди. Шундан сўнг у ҳам Тўқтўғул ГЭСи каби узоқ йиллар давлатга фойда келтиради”, — дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ўзининг қимматлиги ва 35-40 йил ичида ўзини оқлаш муддати билан бу ҳақда ўйлашга мажбур қилади. Шу билан бирга, лойиҳа Қирғизистонни боши берк кўчадан транзит мамлакатга айлантириш имконини беради.
– Йўл қирғиз халқи ва давлатига умрбод хизмат қилади. Биз бу лойиҳани ташқи қарз йўли билан эмас, балки бошқача йўл билан амалга оширишни кўриб чиқяпмиз. Худо хоҳласа, тез орада бу масалани ҳал қилиб, қурилиш ишларини бошлаймиз. Қирғизистонликлар бошқа лойиҳалар учун олган қарзлари ҳақида қайғурмасликлари керак. Ҳар бир жорий лойиҳа давлат бюджетига таъсир қилмасдан ўзини оқлайдиган лойиҳадир, – дея таъкидлади у.
Aввалроқ Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилда суғориш суви танқислигини бартараф этиш мақсадида вақтинчалик янги сув ҳавзалари барпо этилишини, бу эса қўшни давлатларни ҳам сув билан таъминлашини айтган эди.
Г.Сатторова, ЎзА