2023 йил туризм учун муваффақиятли якунланди. Энди мазкур соҳа 2024 йилда пандемиядан олдинги даражасига чиқиш босқичида турибди. БМТ ҳузуридаги Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, глобал сайёҳлик фаолияти 2023 йилда пандемиядан олдинги кўрсаткичнинг 88 фоизига етган. Ўтган йили жами 1,3 миллиард киши хорижга саёҳатга чиққан.
Таъкидланишича, саёҳатга бўлган талабнинг ортиши, ҳаво қатновларининг кенгайиши ва Осиё бозорлари ва йўналишлари янада фоаллашгани 2024 йилда жаҳон туризмининг тўлиқ тикланишига асос бўлади.
***
БМТнинг Қирғизистондаги агентлиги мамлакатда ҳавонинг ифлосланиши сабабларини ҳамда унинг Бишкек ва унинг атрофида яшаётган аҳоли учун салбий таъсирини ўрганиб чиқди. Натижа эса анчайин хавотирли бўлди. Чунки ҳаво сифатининг ёмонлиги юрак-қон томирлари, респираторли ва саратон касалликларига олиб келади. Экологиянинг бузилишига асосий сабаблардан бири эса уйларни иситиш учун кўмирдан фойдаланишдир, дейилади мазкур хабарда.
***
Афғонистоннинг 70 фоиз аҳолиси озиқ-овқатга, соғлиқни сақлаш хизматларига ва ишга жойлашишга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди, мамлакатнинг банк тизими эса инқироз ёқасида турибди. БМТнинг тараққиёт дастури Афғонистондаги иқтисодий вазиятга бағишлаб тайёрлаган маърузада шундай дейилмоқда.
БМТ экспертларининг таъкидлашича, мамлакат бир қатор соҳаларда, жумладан, макроиқтисодиёт барқарорлиги, хавфсизлик ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни ва ноқонуний савдони назоратга олишда маълум бир ютуқларга эришган. Бироқ вазиятни сезиларли равишда ўзгартириш учун булар етарли эмас.
***
Судан армияси ва тезкор гуруҳ кучлари ўртасида кечаётган қонли жанглар мамлакатнинг шарқий қисмига, БМТ базалари жойлашган ҳудудларга тарқалиши мумкин. Халқаро миграция ташкилоти вакилларининг огоҳлантиришича, мамлакатда вазият жуда тез ёмонлашмоқда, гуманитар ёрдамни етказиш эса тобора қийинлашмоқда.
Суданда қуролли можаро тўққиз ойдан буён давом этмоқда. Натижада 7,7 миллион киши яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлган. 6 миллион қочқин Суданнинг ўзида, 1,7 миллион киши Жанубий Судан, Чад, Эфиопия, Миср, Марказий Африка Республикаси ва Ливиядан бошпана топган.
***
2023 йилда амалга оширилган 1,37 триллионлик хорижий инвестиция оқими 2022 йилдаги кўрсаткич билан таққослаганда жуда кам ўсишни намоён этди, дейилади БМТнинг савдо ва тараққиётга бағишлаб ўтказилган конференциясида ўқилган маърузада.
Глобал инвестиция ўсишига дунёдаги умумий иқтисодий ноаниқликлар ва кўплаб мамлакатларда фоиз ставкаларининг ўсиши таъсир қилди, дейилади ҳисоботда. Европанинг айрим мамлакатида ижобий тенденциялар кузатилганига қарамай, тўғридан-тўғри жалб этилган хорижий инвестицияларнинг глобал оқими 18 фоизга кам бўлган.
Садмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА