Шу кунларда халқаро ҳамжамият нигоҳи Қизил денгизда бўлаётган воқеаларга қаратилган. Чунки мазкур сув йўли Осиё билан Европани боғлайдиган энг муҳим савдо йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги кузатилаётган воқеаларга эътибор берадиган бўлсак, гўё Ғазо секторида бўлаётган қуролли можароларнинг давоми Қизил денгизга кўчганга ўхшайди.
Ғазо секторида Исроил ва Фаластин ўртасида қуролли можаро бошлангандан кейин Яман хусийлари фаластинликларга бирдамлик белгиси сифатида Исроил портларига қараб сузаётган кемаларга ҳужум уюштиришини эълон қилди. Айрим кемалар хусийлар томонидан ракета зарбаларига учради. Бунга жавобан АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлигидаги Европа давлатлари иштирокида тузилган халқаро коалицияси сув йўлларини ҳимоя қилишга киришди. Ҳатто АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий кемалари ҳусийларнинг ҳарбий объектларига ракета зарбаларини ҳам улоқтирди. Унга жавобан Америка танкерларига ҳужум уюштирилмоқда. Масалан, куни кеча ҳусийлар Американинг “Chem Ranger” танкерига баллистик ракета билан зарба беришга уринди, деб хабар тарқатди Пантагоннинг Марказий қўмондонлиги.
Хуллас Қизил денгизда кескинлик ҳамон сақланиб турибди. Қолаверса, аҳвол шундай давом этадиган бўлса Европа бозорларига маҳсулот етказишда узилишлар кузатилади. Бу эса нархлар ошишига ҳам олиб келади, деб ёзмоқда “Bloomberg” нашри.
Масалан, яқинда “NHK” телеканали Япония транспорт компаниялари вазият кескинлашгани сабабли Қизил денгизда юк ташишни тўхтатди, деб хабар тарқатди. Худди шундай қарорни аввалроқ “Nippon Yusen” транспорт компанияси ҳам қабул қилганди. Телеканалнинг маълум қилишича, Япониянинг яна иккита йирик юк ташувчиси “Mitsui O.S.K. Lines” (MOL) ва “Kawasaki Kisen” ҳам Қизил денгиздаги қатновларини вақтинчалик тўхтатган.
Эндиликда япон кемалари бошқа йўналишлар бўйлаб, яъни, Африка қитъасини айланиб ўтиш орқали қатновни йўлга қўйиши кутилмоқда, бироқ бу транспорт харажатларининг ошишига ва қатнов вақтининг чўзилишига олиб келади.
Хуллас, нефть танкерлари ва озиқ-овқат кемалари ҳусийларга дуч келмаслик учун бутун Африка қитъасини айланиб, йўналишини узоқроқ ва қимматроқ маршрутга ўзгартирган, аммо транспорт компаниялари олдида юкни муддатидан олдин этказиб бера олмаслик хавфи кўндаланг турибди.
“Қизил денгиздаги кескинлик қаҳвадан тортиб, мева ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишига ҳам таъсир қилмоқда. Натижада озиқ-овқат нархлари ортидан инфляцияси ҳам ўсмоқда”, — дейилади агентлик хабарида.
Таъкидланишича, юкларни ташиш билан боғлиқ муаммолар Европа Иттифоқининг ҳам импортига, ҳам экспортига таъсир қилади.
Аграр саноат ва маҳсулотлар бўйича Европа алоқа қўмитаси (CELCAA) ҳисоб-китобларига кўра, Қизил денгиздаги вазият Европа Иттифоқининг 70 миллиард евролик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ва экспортига жиддий таъсир қилиши мумкин. Қизил денгиз соҳилларининг катта қисмини назорат қилувчи Яман шимолидаги ҳукмрон “Ансоруллоҳ” ҳаракати аввалроқ Исроилга алоқаси бўлган ҳар қандай кемага ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантириб, бошқа давлатлардан ўз экипажларини чақириб олишга ундаган эди. Натижада бир қатор юк ташиш компаниялари Қизил денгиз орқали юк ташишни тўхтатишга қарор қилди.
Ҳусийлар аввалроқ Қизил денгиздаги ҳаракатлари Ғазо секторидаги фаластинликларга ёрдам беришга қаратилганлигини, улар минтақада навигация эркинлигига тўсқинлик қилмаслигини таъкидлаган эди. Маълумки, араб ва мусулмон давлатлари АҚШнинг Исроил ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаши оқибатида можаро бутун минтақага тарқалишига олиб келиши ҳақида доимо огоҳлантириб келмоқда.
Яқинда АҚШ ва Буюк Британия январь ойи ўрталаридан бери ҳусий нишонларига зарбалар бериб, буни Қизил денгизда навигация эркинлигига солинаётган таҳдидларга жавоб, деб атади. Ўз навбатида, “Ансоруллоҳ” олий сиёсий кенгаши аъзоси Муҳаммад Али ал-Ҳусий ғарб коалициясининг ушбу ҳужумларини террористик ваҳшийлик ва қасддан ва асоссиз тажовуз деб баҳолаган.
С.Раҳимов, ЎзА