БМТ бош котиби Антониу Гутерриш халқаро институтларни ислоҳ қилишга чақирди. Бош котибнинг таъкидлашича, улар замонавий дунёдаги муаммоларни ҳал қила оладиган бўлиши керак.
«БМТ Хавфсизлик кенгашидан то Бреттон-Вудс тизимигача глобал бошқарув билан шуғулланаётган институтлар бундан 80 йил аввал ташкил этилган. Биз боболаримиз учун ишлаб чиқилган тизимлар ёрдамида невараларимиз келажагини қура олмаймиз», — деди у чоршанба куни Давос анжуманида сўзга чиқиб.
***
Финляндия сайловчилари давлат раҳбарини сайлаш учун муддатидан аввал овоз беришни бошлади, деб хабар тарқатди “Euronews”.
Сайловнинг биринчи босқичи 28 январда бўлиб ўтади.
Давлат раҳбарлиги учун 9 номзод курашга киришган, номзодлардан бирортаси ҳам 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, овоз беришнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.
***
Шри-Ланкада январдан буён “денге” безгаги билан боғлиқ беш мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди, деб хабар тарқатди мамлакатнинг Хасталикка қарши кураш миллий бошқармаси.
Ўтган йили ушбу давлатда 88 минг 398 киши “денге” безгагига учраган ва 57 киши қурбон бўлган. “Денге” безгагини чивинлар тарқатади.
***
Греция бош вазири Кириакос Мицотакис Евроиттифоқ 1 февралгача Украинага 50 миллиард евро ажратиш қарорини маъқуллашига ишонч билдирди. Унинг фикрича, агар зарурат туғилса, мазкур қарорни 26 мамлакат Венгрия позициясини айланиб ўтиб бўлсада маъқуллайди.
“Шундай бўлишига ишончим комил. Мазкур қарор 1 февралгача қабул қилиниши керак деган тушунча Европа кенгаши даражасида кўриб чиқилмоқда”, деган у Давос форумида.
***
Қозоғистон ҳукумати 2024 йил 1 мартдан бошлаб бутун мамлакатда ягона вақт тизимини жорий қилади. Бу ҳақда мамлакат савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатган.
Ушбу қарорга биноан, Остана, Олма-Ота, Шимкент шаҳарларида ҳамда Оқмала, Алмати, Жамбил, Қарағанда, Кўстанай, Павлодар, Шимолий-Қозоғистон, Туркистон, Шарқий-Қозоғистон, Абай, Жеттисув ва Улитов вилоятларида 2024 йил 29 февралдан 2024 йил 1 мартга ўтар кечаси маҳаллий вақт бир соат ортга сурилиши керак бўлади.
***
Киев шаҳар кенгаши пойтахтдаги рус ёзувчилари номи берилган бешта кутубхона номини янгилади, деб хабар тарқатди “Укринформ” ахборот агентлиги.
Хабарда айтилишича, Константин Симонов, Владимир Маяковский, Максим Горький, Володий Дубинин ва Николай Чернишевский номидаги кутубхоналар энда украинча ном билан аталадиган бўлди.
***
Индонезиядаги “Indikator Politik” таҳлилий маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, мамлакат президентлиги учун бўладиган сайловда мудофаа вазири Прабово Субианто имконияти бошқа номзодлардан юқори.
Сайлов 14 февралда бўлиб ўтади.
Сўров натижаларига кўра, рақиблардан анча олдинга ўтиб кетганига қарамай, Прабово Субианто ғалаба учун зарур бўлган 50 фоизлик овозни биринчи турда ололмайди, дейилади хабарда.
Агар номзодлардан бирортаси ҳам 50 фоизлик тўсиқдан ўта олмаса, 26 июнда овоз беришнинг иккинчи давраси бўлиб ўтади.
***
АҚШ Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймайди. Агар дипломатия орқали бунга эришиб бўлмаса, бошқа йўллари ҳам бор, деб баёнот берди Оқ уй миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқаларни мувофиқлаштирувчи вакили Жон Кирби.
“Биз ушбу мақсадимизга дипломатия орқали эришишни маъқул кўрамиз, лекин кўриниб турибдики, яқин орада бундай бўлмайди. Шундай экан, бошқа йўллар билан, масалан, ҳарбий йўл билан ҳал қилиш чораларини кўрамиз”, – деган Кирби ОАВ вакилларига берган интервьюсида.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА