“Ўзбекистонга сайёҳатга йўл олган ҳар бир киши бу мамлакатнинг қадимий осори атиқалари, такрорланмас гўзал табиати ва ўзининг миллий урф-одатлари ва анъаналари билан ажралиб турувчи диёрни кашф этади” дея таъриф беради БААнинг нуфузли “Al-Bayan” нашри.
Мақолада Тошкент, Хива, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари тарихи ва жозибаси батафсил очиб берилган. Шунингдек, юртимиздан чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти, уларнинг илмий мероси ҳақида алоҳида таъкидланган.
“Тошкент шаҳри ўзининг гўзаллиги, яшилликка бурканган боғлари билан ажралиб туради. Пойтахт гавҳари бўлмиш Ҳазрати имом мажмуаси, Мўйи Муборак мадрасаси, Каффол Шоший мақбараси, Бароқхон мадрасаси, Тиллашайх масжиди ва Имом Ал-Бухорий ислом институти жойлашган заминда сокинлик ҳузурини ҳис қилади инсон. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам ҳар қандай саёҳатчини ислом тамаддуни билан юзлаштиради” дейилади мақолада.
Шунингдек, мақолада 2750 йилдан ортиқ тарихга эга Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар: Регистон мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Улуғбек расадхонаси ва Бибихоним масжиди каби жойлар сеҳрли масканга етакловчи остонага тенглаштирилган.
Мақола муаллифи Хоразм заминининг дурдонаси саналган, ҳамон гўзал ва навқирон Хивада жойлашган Муҳаммад Аминхон, Қутлуғмурод иноқ мадрасалари, Исломхўжа минораси, Калтаминор, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тошҳовли сингари обидалар Хоразм меъморчилик мактабининг ўзига хос намуналари сифатида таърифлайди.
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган шарқнинг машҳур қадимий шаҳарларидан бири – Бухоро ўзгача ҳайрат билан таърифланган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти маданият вазирларининг 9-анжумани қарорига кўра, 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти сифатида эълон қилиниши улкан тарихий-маданий ва сиёсий воқеа экани, Бухорои шариф хақиқатан ҳам бундай шарафга муносиблиги фахр билан тилга олинган.
Шунингдек, Имом Бухорий, Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Муин Насафий, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби буюк алломалар ва мутафаккирларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА