Германия канцлери Олаф Шольц деярли бутун умри давомида бир хил портфелни кўтариб юради. Бу ҳатто ҳазилга айланишга ҳам улгурди. Кўпчилик нега янгисини сотиб олмаслиги билан қизиқади.
Шольцни кўпинча ҳеч қандай ўзига хос хусусиятларга эга бўлмаган, ҳамма қатори оддий бир одам деб билишади. Аммо буни кўпчилик ҳазиломуз қилиб: у портфелли одам, дейишади. Германия Федерал канцлери ҳозир 65 ёшда, унинг сиёсатга кириб келган дастлабки пайтларини ҳамма ҳам эслай олмаса керак. Ўшанда у худди шу катта қора портфель билан омма олдида пайдо бўлган эди.
Қора портфель канцлерга 40 йилдан бери ҳамроҳлик қилади
Олаф Шольц ўзининг қора портфелини бунчалик ёқтириш сабабини ва қачон янгисига алмаштириши ҳаммани қизиқтиради. Канцлер ижтимоий тармоқ орқали ҳаммага бирданига жавоб берди.
“Менинг қора портфелим деярли 40 йилдан бери – ҳар бир учрашувда, ҳар бир хизмат сафарида ва ҳаттоки таътилда ҳам мен билан бирга. Мен уни ёш ҳуқуқшунос бўлганимда сотиб олганман”, деб ёзади Олаф Шольц.
Ҳақиқий чармдан ясалган ва олд томонида иккита катта чўнтаклари бўлган бу ажойиб портфель “Bree” фирмасига тегишли. Уни Шольц 1980 йилларнинг охирида Гамбургда ҳуқуқшунос ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрганида сотиб олган. Қиммат ишлаб чиқарувчига тегишли бу портфелнинг ўша пайтдаги нархи тахминан 890 немис маркаси бўлган.
Ўшандан бери дунё ўзгарди, қанча сувлар оқиб кетди, ҳаттоки Олаф Шольц ҳам ўзгарди, ҳуқуқшуносдан катта сиёсатчига айланди, аммо унинг портфели ўзгармади.
“Бу оддий нарса: мен бу портфелга жуда боғланиб қолганман. У жуда қулай ҳамда ичига кўп нарса сиғади” деб тушунтиради Шольц ўз инстаграм саҳифасида. “Баъзи ҳамкасбларим портфель жуда эскириб кетган дейишади. Лекин портфелим менга йиллар ўтган сайин худди эски қадрдонимдек кўпроқ ёқаверади”
Қора портфелнинг бормаган жойи қолмаган деса ҳам бўлади, ҳатто уруш пайти Украинада ҳам бўлган. 2022 йилда ушбу портфель билан боғлиқ қизиқ бир воқеа бўлиб ўтган эди: Олаф Шольц ўшанда Киевдаги президент саройи олдидаги қизил гиламда ўзининг катта ва табиийки эскириб кетган ўша портфелида пайдо бўлганида, кўпчилик ўзининг ҳайратини яшира олмаганди. Ўшанда у бир қўли билан президент Зеленский билан кўришар экан, иккинчи қўлида ўша эски портфели осилиб турарди. Фотомухбирлар тили билан айтганда бундай зўр “кадр”ни қўлдан чиқариш асло мумкин эмас. Портфелга мухбирларнинг назари тушганини сезган қўриқчилардан бири уни Шольцнинг қўлидан олиб яширган эди.
Портфель ичида нима бўлиши мумкин?
Ўзининг инстаграм саҳифасида Федерал канцлер портфель билан боғлиқ сирни очаркан: “Одамлар портфелим ичида қандай сирли нарса яширинган, дея кўп сўрашади. Лекин улар ўйлаганчалик сирли ҳеч нарса йўқ: ўқишим учун кўзойнак, кундалик газеталар ва албатта ҳужжатлар солинган яна бир кичик папка бор”, -дейди.
Лекин шу ўринда Шольц айтиши керак бўлган яна бир нарсани унутган. “Портфелнинг олд чўнтагида доим ўзининг партияга аъзолик билетини олиб юради”- дейди “Abendblatt” нашрига берган интервьюсида канцлер биографи Ларс Хайдер. Шунингдек, Хайдердан Шольц ҳаммани эътиборини тортаётган бу эски портфелни қачон алмаштиради деб ҳам сўрашган. “Канцлер яқин орада янги портфель сотиб олмаса керак, чунки унинг бутун сиёсий фаолияти давомида шу портфель унга ҳамроҳлик қилаяпти”, – деган.
Канцлер бўлишидан олдин, яъни, вазир бўлгандаям ва Гамбург шаҳрининг мэри бўлиб ишлаганда ҳам шу портфель унга ҳамроҳлик қилган. Канцлернинг портфели билан боғлиқ қизиқишлар ва латифанамо гаплар кўпайган бир пайтда портфелни ишлаб чиқарган машҳур компания ўзининг банкрот бўлганини эълон қилди. Турли сумкалар ва чармдан бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчи “Bree Collection” компанияси 1970 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Бу портфель билан музейлар ҳам қизиқаяпти
Айни пайтда икки ташкилот узоқ вақтдан бери афсонавий портфелни сотиб олишни орзу қилади. Даъвогарлардан бири социал-демократик анъаналарга бой бўлган Фридрих Эберт жамғармасидир. Иккинчиси Бонндаги собиқ Федерал канцлер идораси қаршисида жойлашган Германия тарихи музейидир. Бу музей 1994 йилда очилган ва ҳозирда Германиянинг энг кўп, йилига 850 минг сайёҳ ташриф буюрадиган музейларидан бири ҳисобланади. Германиянинг “Süddeutsche Zeitung” газетаси музей раҳбари Харальд Бирман портфелни сотиб олишга жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берди.
«Бу Германия собиқ канцлерига тегишли бўлган мавжуд буюмлар тўпламига ажойиб қўшимча бўларди», деган у. Чунки, музейда Гельмут Кольга тегишли кардиган ва Ангела Меркелнинг эски мобиль телефони ҳам сақланади.
“Мен ҳукумат матбуот котиби Штеффен Хебештрайт билан гаплашдим ва унга Олаф Шольцнинг сумкасини қачонлардир музейга олиш ниятимиз борлигини айтдим. Чунки, портфелни кўплаб фотосуратларда кўриш мумкин, у тарихий аҳамиятга эга”, деган музей раҳбари Харальд Бирман немис газетасига берган интервьюсида.
Лекин музейдаги портфелга аталган жой ҳали ҳам бўш турибди. Шольц портфелидан қачон воз кечади, бу ҳали номаълум. Музей раҳбари Бирманнинг сўзларига кўра, “бу одатий жараён, биз кутишга мажбурмиз”, чунки эскирган чарм портфель ҳали ҳам ишлатилмоқда ва Германия Федератив Республикаси канцлери лавозими муддатининг охиригача Олаф Шольцнинг ҳамроҳи бўлиб қолиши мумкин.
К.Бекжонов тайёрлади, ЎзА