Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш ваколати бекор қилинмоқда.

Ушбу тартибни ўзида акс эттирган “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мазкур ҳужжат мазмуни ва аҳамияти хусусида Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова қуйидагиларни қайд этди:

– Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси кун сайин ривожланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бугунги кунда аҳолини сифатли, самарали, хавфсиз ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Соғлиқни сақлаш тизимида электрон рецепт тизимини жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришни тубдан такомиллаштириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишининг олдини олиш, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётир.

Хусусан, аҳолини ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш ҳамда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари татбиқ этиляпти. Натижада Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторидан ўрин эгалламоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда амалиётда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, ортиқча ҳужжатларни қабул қилишни қисқартириш ҳамда бу билан қатор бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрига маҳаллий дори воситалари 3 минг 268, МДҲ давлатлари дори воситалари 1 минг 619, хорижий давлатлар дори воситалари 5 минг 515, In vivo ташхис воситалари 24, тиббий техника 2 минг 634, тиббий буюмлар 2 минг 131, In vitro ташхис воситалари 795, жами 16 минг 348 номдаги, 76 мамлакатнинг 1 минг 451 корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотлари киритилган.

Ушбу дори воситаларининг рецепт асосида ёки рецептсиз берилиши асосан давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатли органи бўлган Фармацевтика маҳсулотларини хавфсизлик маркази томонидан белгиланади ва шакллантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ҳолда, мунтазам янгиланиб борилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда дори воситаларини ишлаб чиқараётган 40 та корхона GMP – халқаро стандарт талабларига жавоб беради. 2024 йилнинг 1 январидан республикада фақат шу талабга жавоб берадиган фармкорхоналар иш олиб боради. Шундай экан, дори ишлаб чиқаришда ишлатиладиган субстанцияларнинг қайта-қайта текширилиб, тасдиқланишига ҳожат қолмайди. Бу борада “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, соҳага доир муҳим янгиликлар ўз ифодасини топган. Мазкур қонун лойиҳаси билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ҳамда дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (GMP) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилган.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши аҳолининг дори воситалари билан таъминланганлик даражасини оширади, дори воситаларини ишлаб чиқаришда ортиқча тартиб-таомилларни бекор қилиш ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча шарт-шароитлар яратади. Асосийси, маҳаллий дори воситалари сифатли ишлаб чиқарилиши ва аҳолига тез, арзон нархларда етказиб берилиши таъминланади.

Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА