Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC)нинг маълум қилишича, кеча Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 18 декабрь – Халқаро араб тили куни муносабати билан “Араб тили: шеър ва санъат тили” мавзусида анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, ИҲТ доимий вакили доктор Солиҳ бин Ҳамад Ал Суҳайбоний, Озарбайжон Республикасининг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчиси Шаҳин Абдуллаев, Қирол Салмон номидаги Халқаро араб тили академиясининг Бош котиби, доктор Абдуллоҳ бин Солиҳ Ал-Вашмий сўзга чиқиб, араб тили аввало, муқаддас Қуръони карим тили эканлиги, қолаверса, кўп қўлланиладиган дунё тилларидан бири эканлигини таъкидладилар.
Шунингдек, йиғин доирасида ўтказилган сессияларда Мадина Ислом университети профессори Муҳаммад Ходи Ал-Муборакий, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) аъзоси Мажди Хож Иброҳим, Ислом тарихи тадқиқот маркази бош директори Маҳмуд Арул Қилич ва бошқа уламолар ислом мамлакатлари санъатида араб тили ва шеърияти мавзуларида нутқ сўзлади.
Сўнгра, араб тилининг халқаро миқёсдаги тарғиботини янада кенгайтириш мақсадида кўргазма ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз: Яқин ва Ўрта Шарқ, Африка шимолидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг давлат тили ҳисобланмиш араб тили Сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб бўлиб, бугунги кунда сайёрамиздаги 400 миллион киши ушбу тилда мулоқот қилади. 18 декабрь – Халқаро араб тили куни БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, 2012 йилдан буён дунё бўйлаб нишонланиб келинади. 1973 йилнинг айни шу санасида БМТ Бош ассамблеяси араб тилини ташкилотнинг 6 расмий тилидан бири деб эълон қилган эди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА